Сурхондарё вилоятининг Узун туманида Damas ва Nexia автомобиллари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар ёш ҳалок бўлди.
Ҳодиса 28 май куни кечки пайт D-169 автомобиль йўлининг 132-километрида юз берган. Маълум қилинишича, Damas автомашинасини 17 ёшли ўсмир, Nexia автомобилини эса унинг 20 ёшли таниши бошқарган. Ҳар икки ҳайдовчида ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида ёшлар йўлда ўзаро пойга уюштиргани аниқланган. Натижада юз берган тўқнашув оқибатида Damas ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Nexia автомобилидаги йўловчилардан бири эса шифохонада вафот этган.
Ҳодиса натижасида жабрланган бошқа иштирокчилар турли даражада тан жароҳатлари олиб, тиббиёт муассасаларига ётқизилган.
Фожиадан сўнг мутасадди ташкилотлар томонидан ҳалок бўлганлар яшаган маҳаллада профилактик учрашув ўтказилди. Қайд этилишича, вояга етмаган ҳайдовчи аввал ҳам автомобиль бошқариб юрган бўлиб, бу ҳолатдан унинг яқинлари ва маҳалла аҳли хабардор бўлган. Мутасаддилар мазкур воқеа ёшлар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва назоратни кучайтириш зарурлигини яна бир бор кўрсатганини таъкидлади.

