Халқаро рейтинг агентлиги Fitch Ratings Ўзбекистон Республикасининг хорижий валютадаги узоқ муддатли эмитент дефолт рейтинги (IDR)ни «BB» даражасида тасдиқлади ҳамда рейтинг бўйича прогнозни «Барқарор»дан «Ижобий»га кўтарди.
Агентликнинг расмий баёнотида қайд этилишича, прогнознинг яхшиланиши мамлакатда иқтисодий ислоҳотларнинг изчил амалга оширилаётгани, макроиқтисодий барқарорликнинг мустаҳкамланаётгани ва асосий молиявий кўрсаткичларнинг яхшиланаётганини акс эттиради.
Ислоҳотлар иқтисодиёт салоҳиятини оширмоқда
Fitch бозорлар самарадорлигини ошириш, давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш, рақобат муҳитини ривожлантириш ва хусусийлаштиришга қаратилган таркибий ислоҳотлар давом этаётганини таъкидлади.
2021–2025 йилларда Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 5,1 миллиард долларлик давлат активлари хусусийлаштирилди. Шундан 1,9 миллиард доллари 2025 йил ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, 2026 йил 13 май куни Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF)нинг халқаро капитал бозорларида илк IPOси муваффақиятли ўтказилди. Жойлаштириш ҳажми бўйича ушбу битим жорий йилда Европадаги энг йирик IPOлардан бири бўлди.
Иқтисодий ўсиш юқори суръатларда сақланмоқда
Fitch прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 6 фоиз, 2027–2028 йилларда эса ўртача 6,4 фоиз ўсади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида мамлакат иқтисодиётининг реал ўсиши 8,7 фоизни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 фоиз бандига юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Агентлик таъкидлашича, жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар ва геосиёсий кескинликларга қарамай, Ўзбекистоннинг ўсиш суръатлари «BB» рейтингига эга давлатлар ўртача кўрсаткичларидан анча юқори бўлиб қолмоқда.
Бюджет интизоми мустаҳкамланмоқда
Прогнознинг яхшиланишига таъсир қилган асосий омиллардан бири самарали бюджет сиёсати бўлди.
Fitch маълумотларига кўра, 2025 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 2,1 фоизини ташкил этган. Бу белгиланган 3 фоизлик чекловдан паст кўрсаткичдир.
Бюджет даромадларининг ўсиши солиқ тушумлари ва хомашё секторидан келган даромадлар ҳисобига таъминланди. Тўғридан-тўғри ва билвосита солиқлар бўйича тушумлар режадан 11 фоизга, бошқа солиқ ва нособиқ тушумлар эса 35 фоизга юқори бўлди.
Давлат қарзи паст даражада қолмоқда
Агентлик прогнозларига кўра, давлат қарзи ҳажми 2027–2028 йилларга келиб ЯИМнинг 28 фоизигача пасаяди. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич 32 фоизни ташкил этмоқда.
Бу рақам «BB» рейтингига эга давлатлар учун ўртача 53 фоизлик кўрсаткичдан қарийб икки баробар паст бўлиб, мамлакатнинг муҳим рақобат устунликларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Халқаро захиралар рекорд даражага етмоқда
Fitch Ўзбекистоннинг ташқи молиявий барқарорлиги кучаяётганини ҳам қайд этди.
Агентлик прогнозларига кўра, халқаро захиралар ҳажми 2026 йилда 71 миллиард долларга етади. Бу кўрсаткич 2025 йилда 66 миллиард доллар, 2024 йил якунида эса 42 миллиард доллар бўлган.
Мавжуд захиралар ташқи тўловларни тахминан 11 ой давомида қоплаш имконини беради, бу эса рейтинг тоифасидаги давлатлар ўртача кўрсаткичидан икки баравар юқори ҳисобланади.
Молия тизими барқарорлашмоқда
Fitch иқтисодиётда долларлашув даражаси пасаётганини таъкидлади. Валютадаги депозитлар улуши 2020 йилдаги 40 фоиздан 23 фоизгача қисқарган.
Банк тизимида капитал етарлилиги коэффициенти 18,3 фоизга етган. Валюта кредитлари улуши эса 2023 йил охиридаги 45 фоиздан 39,2 фоизгача камайган.
Шу билан бирга, имтиёзли кредитлаш ҳажми қисқариб, иқтисодиётни молиялаштиришда бозор механизмлари мустаҳкамланмоқда.
Инфляция пасайишда давом этмоқда
Агентлик баҳолашича, 2026 йил апрель ойида инфляция даражаси 7 фоизни ташкил этди ва Марказий банкнинг ўрта муддатли 5 фоизлик мақсади сари ҳаракатланмоқда.
Долларлашувнинг қисқариши ва инфляцион таргетлаш тизимининг изчил жорий этилиши пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини янада ошириш учун қўшимча шароит яратмоқда.
Fitch томонидан Ўзбекистон рейтинги бўйича прогнознинг «Ижобий»га кўтарилиши мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга халқаро инвесторлар ишончи ортиб бораётганидан далолат беради. «BB» рейтинги тасдиқланиши ва прогнознинг яхшиланиши макроиқтисодий барқарорлик, давлат молиясини бошқариш, бозор институтларини ривожлантириш ҳамда инвестициявий жозибадорликни ошириш соҳаларида эришилган натижаларнинг халқаро эътирофи сифатида баҳоланмоқда.

