Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга Денизли вилоятида содир бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан таъзия йўллади.
Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Фожиа Денизли — Айдин автомобиль йўлида юз берган. Йўловчи автобуси Тирқаз ҳудудида йўл тўсиғига урилиб, шундан сўнг ёнғин чиққан.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида саккиз нафар киши ҳалок бўлган. Улар орасида автобус ҳайдовчиси ва тўққиз ойлик чақалоқ ҳам бор. Яна 33 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган.
Жабрланганлар тез тиббий ёрдам бригадалари томонидан шифохоналарга етказилган. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари суд-тиббий экспертизасига юборилган.

