29 май куни Олий Мажлис Сенатида мамлакатнинг маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ юртдошларга давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Президент фармонига мувофиқ, кўп йиллик самарали меҳнати, илмий ва ижодий фаолияти, миллий маданият ва маънавиятни юксалтириш, халқнинг бадиий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатнинг маданий меросини асраш ва тарғиб қилишга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир қатор соҳа вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Тантанали маросимда мукофотлар ва тегишли ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева томонидан топширилди.
Тадбир давомида кейинги йилларда мамлакатда маданият, санъат ва адабиёт намояндаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш давлат сиёсатида муҳим йўналишлардан бирига айлангани таъкидланди. Қайд этилишича, давлат мукофотлари соҳа вакилларининг хизматларига берилган юксак баҳо ва эътирофнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Маросим иштирокчилари мамлакатда миллий маданият ва маънавиятни ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Мукофот соҳиблари эса кўрсатилган юксак ишонч учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам ўз ижоди ва меҳнати билан Янги Ўзбекистон тараққиёти, миллий маданият ва маънавият равнақига муносиб ҳисса қўшишларини таъкидладилар.



