Ўзбекистон Президентининг фармонига мувофиқ, халқаро кинофестивалда муваффақиятли иштирок этган икки нафар ёш ижодкор “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.
Мукофот Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган инклюзив фильмлар халқаро фестивалида “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” қисқа метражли фильми билан иштирок этиб, бош соврин — Гран-прини қўлга киритгани учун берилди.
Фармонда қайд этилишича, ижодкорлар мамлакатда кино санъатини ривожлантириш, уни халқаро миқёсда тарғиб қилиш, миллий қадриятларни акс эттирувчи бадиий образлар яратиш ҳамда ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
“Келажак бунёдкори” медали билан эркин ижодкор, сценарист ва кинорежиссёр Суҳроб Қодиров ҳамда С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкент филиали талабаси, кинорежиссёр Дилшодбек Усмонов тақдирланди.
Қайд этилишича, мазкур фильмнинг халқаро майдонда эътироф этилиши ўзбек кино санъати нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.

