Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев автомобилсозлик саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва тармоқ рақобатбардошлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда мамлакат автомобилсозлик соҳасида кейинги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда “Chevrolet”, “BYD”, “KIA” ва “Hyundai” каби йирик брендлар билан ҳамкорликда бешта автомобил заводи фаолият юритмоқда. Жорий йилда эса “Volkswagen”, “Foton” ва “JAC” заводларини ишга тушириш режалаштирилган.
Сўнгги йилларда автомобиль бозорида рақобат муҳити шаклланиб, аҳоли учун танлов имкониятлари кенгайгани таъкидланди. Хусусан, узоқ навбатлар барҳам топиб, автомобилларни бўлиб-бўлиб тўлаш ва имтиёзли кредит тизимлари орқали харид қилиш имкониятлари кенгайди. Маълум қилинишича, жорий йилда автомобил савдосига 20 та банк жалб қилиниб, машиналарнинг 95 фоизи молиявий хизматлар орқали сотилган.
Тақдимотда автомобил ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш бўйича қўшни давлатлар билан ҳамкорлик кенгайиб бораётгани қайд этилди. Бугунги кунда 300 дан ортиқ корхона “Chevrolet”, қарийб 40 та корхона эса “KIA” ва “BYD” учун бутловчи қисмлар етказиб бермоқда. Соҳада 10 мингдан зиёд ёшлар замонавий технологиялар асосида меҳнат қилаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, автомобилсозликда ишлаб чиқариш ҳажми ва соҳада банд бўлганлар сонини 1 миллионга етказиш масалалари кўриб чиқилди.
Тақдимот давомида “Volkswagen” автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди. Лойиҳага кўра, биринчи босқичда Тошкент шаҳрида йирик узелли ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Кейинги босқичда эса Ангрен эркин иқтисодий зонасида тўлиқ циклли ишлаб чиқаришни ташкил этиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва экспорт бозорларига чиқиш режалаштирилган.
Мутасаддилар глобал иқтисодий жараёнлар автомобилсозлик соҳасига ҳам таъсир кўрсатаётганини қайд этиб, технологик мустақилликни таъминлаш, инновацияларни жорий қилиш ва рақобатбардош миллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Бу борада Андижон ва Жиззахда замонавий муҳандислик мактаблари ташкил этилгани, ёш муҳандис ва тадқиқотчиларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилаётгани маълум қилинди. Шу мақсадда “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти тизимида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини ривожлантириш белгиланди.
Тақдимотда эҳтиёт қисмлар бозорини тартибга солиш, маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш, сертификатлаш тизимини такомиллаштириш ва замонавий синов лабораторияларини ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йил якунига қадар халқаро консалтинг компаниялари иштирокида Автомобил эҳтиёт қисмлари бозорини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш якунида давлат раҳбари автомобилсозлик саноати мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири эканини таъкидлаб, соҳада рақобатни кучайтириш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва миллий муҳандислик мактабини ривожлантириш бўйича қатор топшириқлар берди.

