Тошкент, 2026 йил 18 май. – Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) Ўзбекистон Республикасида ўз ваколатхонасини расман очди. Тантанали очилиш маросими Тошкент шаҳрида ўтказилган EDB Day тадбири доирасида бўлиб ўтди.
Ваколатхонанинг очилиши Ўзбекистоннинг 2025 йилда ЕОТБга аъзо бўлганидан кейинги мантиқий қадам бўлди. Республика ҳукумати кўмагида барча зарурий чора-тадбирлар якунланди. Банк мамлакатда тўлақонли инвестициявий фаолиятни бошламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев маросим иштирокчиларига табрик сўзи билан мурожаат қилди. У банкни 20 йиллиги билан қутлаб, ваколатхонанинг очилиши шерикликни мустаҳкамлашда муҳим қадам эканини қайд этди. Шунингдек, у ЕОТБ инфратузилмани молиялаштириш, экспортни қўллаб-қувватлаш, молия бозорини ривожлантириш ва рақамли трансформация, яъни янги Ўзбекистоннинг иқтисодий кун тартибини белгилаб берувчи йўналишларда салмоқли тажрибага эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, банкнинг Тошкентдаги доимий фаолияти тоғ-кон саноати, транспорт инфратузилмаси, рақамли технологиялар ва сув хўжалиги соҳаларидаги қўшма лойиҳаларга туртки беради.
Николай Подгузов, ЕОТБ Бошқаруви раиси:
“ЕОТБнинг 20 йиллик юбилейи нишонланаётган йилда биз минтақадаги энг жадал ривожланаётган иқтисодиётлардан бири – Ўзбекистонда ўз фаолиятимизни бошлаяпмиз. Йигирма йил давомида Банк ноёб тажриба тўплади. Бизнинг умумий портфелимиз 19,6 млрд долларга етди ва биз 326 та лойиҳани амалга оширдик. Энди биз ушбу имкониятларни Ўзбекистонга таклиф этишга тайёрмиз. Яқин стратегик давр учун ЕОТБ Ўзбекистонга 2031 йилгача 1,5 млрд долларгача, жумладан, юқори интеграцион салоҳиятга эга бўлган лойиҳаларга қарийб 800 млн доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бунинг учун бизда барча зарурий воситалар мавжуд: Техник кўмак жамғармаси, Рақамли ташаббуслар жамғармаси, лойиҳа экспертизаси ҳамда Кўрфаз ва Осиё мамлакатлари капиталидан фойдаланиш имконияти”.
Подгузовнинг сўзларига кўра, лойиҳаларнинг жорий йўналиши энергетика, логистика ва саноат соҳаларини қамраб олиб, Банк стратегиясига тўлиқ мос келади. Банк аллақачон бир қатор лойиҳалар устида иш олиб бормоқда ва очилиш маросимида дастлабки келишувларни имзолади. Имзоланган ҳужжатлар тафсилотлари алоҳида пресс-релизларда эълон қилинади.
Тошкентда ЕОТБ ваколатхонаси очилишига бағишланган тадбирлар доирасида ЕОТБ Академияси томонидан воркшоплар ташкил этилди.
Таълимий фаолият кўп томонлама ривожланиш банклари ишининг ажралмас қисмидир. Кўп томонлама ривожланиш банкларининг таълимий ташаббусларига қаратилган ЕОТБнинг маърузасига кўра, ривожланиш банклари тажриба алмашиш, аъзо мамлакатлар ўртасида илғор тажриба ва стандартларни тарғиб қилиш, шунингдек, лойиҳа хатарларини камайтириш мақсадида ўз академиялари, институтлари ва билимлар платформаларини яратади. ЕОТБ Академияси айнан шу тамойил асосида тизимли ва доимий равишда фаолият юритади.
Евгений Винокуров, ЕОТБ Бошқаруви раиси ўринбосари, бош иқтисодчиси:
“Бизнинг вазифамиз – журналистлар ва кенг жамоатчиликка кўп томонлама ривожланиш банклари қандай ишлашини, қандай воситаларни таклиф этишини ва бу имкониятлардан Ўзбекистон манфаатлари йўлида қай тарзда фойдаланиш мумкинлигини яхшироқ тушунишга ёрдам беришдир. Ўзаро тушуниш қанчалик яхши бўлса, мулоқот шунчалик самарали бўлади ва биз биргаликда янада кўпроқ сифатли лойиҳаларни амалга ошира оламиз”.
ЕОТБнинг Тошкентдаги ваколатхонасининг очилиши банкка инвестициявий лойиҳаларни тезкорлик билан кузатиб бориш, давлат органлари ва бизнес билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётига халқаро инвесторларни янада фаолроқ жалб этиш имконини беради.

