Green University — Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир Eco Expo Central Asia 2026 халқаро кўргазмаси, Глобал экологик жамғарманинг VIII Ассамблеяси ҳамда экологик таълимни ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Анжуманда қатнашган мутахассислар Ўзбекистон сўнгги йилларда йирик халқаро экологик ташаббуслар учун муҳим майдонга айланаётганини таъкидлади.
Қайд этилишича, бўлажак тадбирлар доирасида иқлим ўзгариши, биохилма-хилликни сақлаш, чўлланишга қарши кураш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш каби долзарб масалалар муҳокама марказида бўлади.
Мутахассислар фикрича, Глобал экологик жамғарманинг VIII Ассамблеяси халқаро экспертлар ва ҳамкор ташкилотларни бирлаштириб, “яшил” иқтисодиёт лойиҳаларига инвестиция ва грантларни жалб этиш имкониятларини кенгайтиради. Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари ва Оролбўйи экотизимини тиклаш лойиҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, Eco Expo Central Asia 2026 кўргазмасида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан вакиллар иштирок этиши режалаштирилган. Тадбир доирасида экологик технологиялар ва барқарор ривожланишга бағишланган ўнлаб форумлар, тақдимотлар ва махсус майдончалар ташкил этилади.
Матбуот анжуманида экологик таълим тизимини ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Green University фаолиятини кенгайтириш ва мамлакат ҳудудларида 14 та “яшил” техникум ташкил этиш режалари маълум қилинди.
Ушбу таълим муассасаларида экология, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш соҳалари учун мутахассислар тайёрланиши кўзда тутилган.

