Тошкент шаҳрида «Марказий Осиё: минтақавий ривожланишнинг янги парадигмаси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбир Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатия академияси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференцияда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дипломатия академиялари вакиллари, дипломатик миссиялар, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, шунингдек, халқаро ва илмий ташкилотлар экспертлари иштирок этди. Улар орасида Финляндия халқаро муносабатлар институти мутахассислари ҳам қатнашди.
Муҳокамалар давомида Марказий Осиёда сиёсий ишонч ва яхши қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланаётгани, минтақавий ҳамкорликнинг иқтисодий, транспорт, энергетика ва гуманитар алоқалар ривожидаги аҳамияти ортиб бораётгани таъкидланди.
Конференция доирасида минтақавий мулоқотни изчил ривожлантириш, эксперт ва академик алмашинувларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, 2025 йил Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё экспертлар форуми ҳамда Фарғона тинчлик форуми минтақада ишонч ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган майдонлар сифатида эътироф этилди.
Дискуссияларда минтақавий хавфсизлик, иқлим ва сув муаммолари, транспорт боғлиқлиги ҳамда иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Қатнашчилар трансчегаравий хатарлар узоқ муддатли ва мувофиқлаштирилган ечимларни талаб қилишини таъкидлади.
Конференция якунларига кўра, академик, эксперт ва дипломатик доиралар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, шунингдек, барқарорлик, ишонч ва барқарор ривожланиш манфаатлари йўлида минтақавий мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбир Марказий Осиёда ривожланишнинг «янги парадигмаси» — фаол минтақавий ҳамкорликдан чуқур интеллектуал ва институционал интеграция босқичига ўтиш жараёни шаклланаётганининг яна бир тасдиғи сифатида баҳоланди.

