NASA’нинг тажрибали астронавтларидан бири, Халқаро космик станция собиқ командири Эндрю Фойстел Ўзбекистонга ташриф буюрди. Астронавт ўз фаолияти давомида 9 марта очиқ космосга чиққан ва орбитада жами 226 кун бўлган.
Бугунги кунда у АҚШнинг Vast компанияси билан ҳамкорлик қилмоқда. Мазкур компания инсоният учун янги авлод орбитал космик станцияларини яратишга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга оширяпти. Хусусан, “Haven-1” лойиҳаси дунёдаги илк тижорий космик станциялардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Ташриф доирасида Эндрю Фойстел “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан ташкил этилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда иштирок этди. Суҳбат чоғида у Ўзбекистонда космонавтикани ривожлантириш учун энг муҳим омил инсон капитали эканини таъкидлади.
Астронавтнинг фикрича, замонавий космик саноатда муваффақиятга эришиш учун миллиардлаб доллар ёки йирик ракеталардан кўра, юқори малакали муҳандислар, дастурчилар ва илмий тафаккур ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шунингдек, у ёшларни фан, технология, муҳандислик ва математика йўналишларига кенг жалб қилиш зарурлигини қайд этди. Эндрю Фойстел Ўзбекистоннинг бой илмий меросига ҳам алоҳида тўхталиб, Мирзо Улуғбекнинг илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссасини юксак баҳолади.
Астронавт мамлакатда космик технологиялар ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

