Параддан сўнг давлат раҳбарлари Александров боғидаги Номаълум аскар қабри пойига гулчамбар қўйишди. Маросим бир дақиқалик сукут ва фахрий қоровул ротасининг тантанали юриши билан якунланди.
Кремлда бўлиб ўтган тантанали қабулда Россия президенти Владимир Путин Россия Ғалабани “ўзиники ва бошқаларники” деб ажратмаслигини ва антигитлер коалициясида иштирок этган барча халқларнинг ҳиссасини қадрлашини таъкидлади.
“Совет Иттифоқи халқлари нацизмни тор-мор этишга ҳал қилувчи ҳисса қўшган. Биз ҳеч қачон бу Ғалабани ўзимизники ёки бошқаларники деб ажратмаганмиз”, — деди Путин.
У, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши тарихини сохталаштириш ва нацизмни улуғлашга қарши туришга чақирди.
Тадбирлар давомида ўзбек халқининг Ғалабага қўшган ҳиссаси ҳам алоҳида қайд этилди. Уруш йилларида республикадан қарийб 2 миллион киши фронтга сафарбар қилинган бўлиб, уларнинг 538 мингдан ортиғи ҳалок бўлган. 214 мингдан зиёд ўзбекистонлик орден ва медаллар билан тақдирланган, 301 нафар юртдошимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.
Жангларда иштирок этишдан ташқари, ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди муҳим орқа фронт базасига айланган. Республикага 170 дан ортиқ корхона ва 1,5 миллионга яқин инсон, жумладан 250 минг етим бола эвакуация қилинган.
Шу билан бир вақтда, Эстония аҳолиси Нарва шаҳрига 9 Май муносабати билан турлар сотиб олишни фаол бошлагани маълум қилинди. Улар давлат чегараси орқали Россиянинг Ивангород шаҳридаги Ғалаба куни тадбирларини томоша қилишни режалаштирган.

