Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш доирасида бир қатор тезкор тадбирлар ўтказилиб, улар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим тизими ва фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари қўлга олинди. Амалиётлар Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Ҳолатлардан бири Хоразм вилоятида қайд этилди. Жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг кичик инспектори хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, Хонқа тумани фуқаросидан унинг танишини ички ишлар органларига ишга жойлаштиришда ёрдам бериш эвазига 4500 АҚШ доллари талаб қилган. У пулнинг бир қисми — 1800 доллар ва 2,4 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Яна бир ҳолат Тошкент вилоятида содир бўлди. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими методисти хусусий болалар боғчасини очиш учун рухсатнома расмийлаштириш эвазига фуқародан 1,5 миллион сўм, шунингдек ёнғин хавфсизлиги бўйича ижобий хулоса бериш учун 200 АҚШ доллари талаб қилган. У пул маблағларини олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинди.
Кейинги тезкор тадбирлар давомида ноқонуний фаолиятга туман фавқулодда вазиятлар бўлими катта инспектори ҳам алоқадор экани аниқланди. У 200 АҚШ доллари олгани маълум бўлди.
Шунга ўхшаш ҳолат Қорақалпоғистон Республикасида ҳам қайд этилди. Чимбой туманида яшовчи аёл фуқаронинг пенсия тайинлаш учун меҳнат стажини оширишда ёрдам беришни ваъда қилиб, 7 миллион сўм олаётган вақтида ушланди. Тергов маълумотларига кўра, у бу масалани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида ишловчи ўғли орқали ҳал қилишни режалаштирган.
Аниқланган барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

