Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) ва «Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish» AЖ томонидан “E-auksion” электрон савдо платформасида уй-жой қуриш учун ер участкалари савдолари таҳлил қилинди.
2026-йилнинг I чорагида уй-жой қурилиши учун кимошди савдосида сотилган жами ер майдонлари камайган. Мазкур даврда 2025-йилнинг I чорагига нисбатан:
— Якка тартибда уй-жой қуриш учун сотилган ер участкалари майдони 49,9 гектардан 27,6 гектаргача;
— Кўп қаватли уй-жой қуриш учун сотилган ер участкалари майдони 48,3 гектардан 14,1 гектаргача;
— «Янги Ўзбекистон» массивларида кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер майдонлари 17,2 гектардан 4,0 гектаргача камайган.
2026-йилнинг I чорагида республикада кўп қаватли уй-жой қурилиши учун сотилган ер майдонларининг асосий қисми Хоразм (5,1 га), Сурхондарё (2,6 га), Наманган (2,6 га) ҳамда Сирдарё вилоятлари (1,5 га) ҳиссасига тўғри келган.
Қорақалпоғистон, Жиззах каби горизонтал кенгайиб бораётган ҳудудларда якка тартибдаги уй-жойлар учун ер савдоси устун бўлиб қолмоқда. Хусусан, 2026-йилнинг I чорагида республикада якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун сотилган ер майдонларининг 66,6 фоизи (2022-2025-йилларда 59,9 фоиз) Қорақалпоғистон Республикасининг, 9,7 фоизи (10,4) Жиззах вилоятининг ҳиссасига тўғри келган.
Вертикал урбанизация жараёни кучайиб бораётган ҳудудларда кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун ажратилган ер участкаларининг нархи нисбатан қиммат шаклланган. 2026-йилнинг I чорагида вертикал ўсаётган Наманган вилоятида кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун 1 квадрат метр ернинг ўртача нархи 720 минг сўмни, Фарғона вилоятида 684 минг сўмни ташкил қилди. Мазкур даврда кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун ажратиладиган 1 квадрат метр ернинг ўртача нархи Жиззах вилоятида 101 минг сўмни, Қорақалпоғистон Республикасида 45 минг сўмни ташкил этди.
Ҳудудларда якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун мўлжалланган ерларнинг ўртача нархида юқори тафовут шаклланган. 2026-йилнинг I чорагида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун мўлжалланган ернинг 1 квадрат метри нархи Сирдарё вилоятида 258 минг сўмни, Бухоро вилоятида 105 минг сўмни ташкил қилган. Мазкур даврда якка тартибдаги уй-жойлар учун 1 квадрат метр ернинг ўртача нархи Қорақалпоғистон Республикасида 16 минг сўмни, Қашқадарё вилоятида 14 минг сўмни ташкил қилди.
Методология: Тадқиқотда уй-жой қурилиши учун сотилган ер майдонлари ҳудудларда урбанизация йўналишини баҳолашда фойдаланилди. Бунда якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун сотилган ерлар улуши юқори бўлган ҳудудлар горизонталь урбанизация, кўп қаватли уй-жой қурилиши учун сотилган ерлар улуши юқори бўлган ҳудудлар эса вертикал урбанизация йўналишида ривожланаётган ҳудудлар сифатида талқин қилинди. Хусусан, кўп қаватли уй-жой қурилиши учун сотилган ерлар улушига кўра, ҳудудларда урбанизация жараёнининг йўналиши қуйидагича таснифланди:
0–40% – горизонталь кенгайиш
40–60% – аралаш ёки трансформациядаги ҳудуд
60 % ва ундан юқори – вертикал ўсиш

