Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавохир Синдаров ФИДЕ талабгорлар турнирининг 12-турида америкалик Хикару Накамура билан дуранг қайд этди. Мусобақа Кипрда бўлиб ўтмоқда.
Ушбу партия талабгорлар цикллари тарихидаги энг қисқа ўйинлардан бирига айланди — рақиблар ўйин бошланганидан атиги 35 дақиқа ўтиб дурангга келишиб олдилар.
Тур якунларига кўра, Синдаров мусобақа тугашига икки тур қолган бир пайтда 9 очко жамғарди. Умумий ғалабани қўлга киритиш учун унга яна 0,5 очко кифоя.
Келгуси тур 14 апрель куни бўлиб ўтади. Унда ўзбекистонлик шахматчи нидерландиялик гроссмейстер Аниш Гирига қарши дона суради.
Эслатиб ўтамиз, турнир 29 мартдан 15 апрелгача давом этади. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Доммараджу Гукеш билан жаҳон тожи учун матч ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритади.

