30 март — Халқаро чиқиндиларсиз кун муносабати билан Ўзбекистонда кенг қамровли экологик акциялар ўтказилди. Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ белгиланган бўлиб, мамлакатимизда 2018 йилдан буён изчил нишонланиб келинмоқда.











Шу муносабат билан Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва сиклулёр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан Қизил тоғ ҳудудида оммавий плоггинг эко-акция ташкил этилди. Тадбир Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Coca-Cola Uzbekistan билан ҳамкорликда ўтказилди.
Акция бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва бошқа ҳудудларда ҳам старт олди. Унда 500 нафарга яқин иштирокчи — давлат ташкилотлари ходимлари, ёшлар, ўқувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол қатнашди.








Тадбир давомида жамоатчилик эътиборини чиқиндилар муаммосига қаратиш, экологик маданиятни ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг аҳамияти таъкидланди. Мутахассислар қайд этишича, дунё миқёсида чиқиндилар ҳажми ортиб бораётгани ушбу соҳада тизимли чораларни кучайтиришни талаб этмоқда.




Акция доирасида Қизил тоғ ҳудуди 1 тонна 754 килограмм чиқиндидан тозаланди. Шунингдек, республика бўйлаб 20 га яқин ҳудудда ўтказилган тадбирларда 2 мингдан ортиқ иштирокчи томонидан жами 97 тонна 900 килограмм чиқинди йиғилди ва махсус техникалар ёрдамида олиб чиқилди.




Эко-акциялар доирасида энг фаол жамоалар рағбатлантирилди. Хусусан, “Тоза ҳудуд” жамоаси биринчи ўринни эгаллади.

