«Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда атмосфера ифлосланишини камайтириш ва йирик шаҳарларда экологик вазиятни яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда ҳаво ифлосланишининг рухсат этилган меъёрлардан ошиши пойтахтда, шунингдек Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термиз шаҳарларида кузатилмоқда. Бунинг асосий сабаблари — саноатнинг жадал ўсиши, углеводород ёқилғиларидан фаол фойдаланиш, автотранспорт воситалари сонининг кўпайиши, табиий омиллар таъсири ва экологик назоратнинг етарли даражада эмаслигидир.
Шу муносабат билан 2030 йилгача қуйидаги устувор вазифалар белгиланган: атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндилар ҳажмини камайтириш, саноат корхоналарида уларни ушлаб қолиш даражасини ошириш, транспортдан чиқадиган ифлосланишни қисқартириш, шунингдек PM2,5 майда дисперсли заррачалар концентрацияси ошган кунлар сонини сезиларли даражада камайтириш.
Лойиҳа доирасида асосий эътибор ифлосланиш манбалари бўлган энергетика ва саноат тармоқларига қаратилган. Шу билан бирга, қурилиш соҳасида ҳам экологик талаблар кучайтирилмоқда. Янги йирик лойиҳаларни амалга оширишда замонавий стандартлар жорий этилмоқда: ҳудудларни кўкаламзорлаштириш улушини ошириш, қурилиш материалларини ёпиқ жойларда сақлаш, чиқиндиларни махсус қувурлар ва контейнерлар орқали ташиш, қурилиш майдонларини ҳимоя тўсиқлари билан ўраш ҳамда онлайн видеокузатув тизимларини ўрнатиш.
Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш нафақат атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга, балки аҳоли ҳаёти сифатини оширишга, жамоат саломатлигини мустаҳкамлашга ва барқарор шаҳар инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилади.

