Президент Шавкат Мирзиёев 12 март куни кибержиноятчилик ва ахборот технологиялари орқали содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашни такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Бугунги кунда мамлакатда интернетдан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 31 миллиондан ошган, уларнинг 14 миллиони ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланади.
Шу билан бирга интернет ва ижтимоий тармоқлардан ноқонуний мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Сўнгги олти йилда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 баробарга ошган.
Ўтган йилда фирибгарликларнинг 82 фоизи, ўғирликларнинг эса 76 фоизи кибермаконда содир этилган. Фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 2 триллион сўмдан ошган.
Тақдимотда қайд этилишича, бундай жиноятларнинг кескин ўсиши қонунчиликни такомиллаштириш ва янги турдаги кибержиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришни талаб қилади.

