Ташриф доирасида жорий йилнинг 23–25 февраль кунлари Марти Ахтисаари Тинчлик жамғармаси раҳбарияти, Ташқи ишлар, Таълим ва маданият, Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, Атроф-муҳит ва иқлим вазирликлари вакиллари, шунингдек, Финляндия Парламенти, Шимолий Европа инвестиция банки ва Шимолий мамлакатлар вазирлар кенгаши аъзолари билан қатор амалий учрашувлар ўтказилди. Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Марказий Осиё халқаро институти экспертлари иштирок этди.

Музокараларда Марказий Осиёнинг етакчи таҳлилий марказлари, жумладан, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти ва Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти вакиллари ҳам иштирок этди.


Финляндия томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва институционал ўзгаришлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Суҳбатдошлар давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция муҳитини такомиллаштириш ва инсон капиталини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Асосий тармоқларни изчил модернизация қилиш барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва мамлакатнинг глобал жараёнларга интеграциялашувини чуқурлаштиришга қаратилгани таъкидланди.


Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг прагматик, конструктив ва яхши қўшничилик ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан фаол сиёсий мулоқот, иқтисодий ўзаро боғлиқлик, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, сув-энергетика ва экология соҳаларида қўшма ечимларни илгари суриш ишончни мустаҳкамлашга ва шерикликнинг барқарор механизмларини шакллантиришга хизмат қилгани, Марказий Осиёни барқарор ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик маконига айлантиргани таъкидланди.


Ўз навбатида, фин экспертлари Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг узоқ муддатли тизимли хусусиятини юқори баҳолаб, мамлакатнинг минтақадаги ижобий ўзгаришларнинг асосий драйверларидан бири сифатидаги роли кучайиб бораётганини таъкидладилар. Уларнинг сўзларига кўра, Финляндия Президенти А. Стуббнинг 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташрифи Шимолий кенгаш давлатлари учун муҳим сиёсий сигнал бўлиб, Марказий Осиёнинг ўсиб бораётган стратегик аҳамиятини тасдиқлади ва кенг кўламли йўналишлар бўйича минтақалараро мулоқотни ривожлантиришга туртки берди.


«Яшил» иқтисодиёт, табиий ресурсларни барқарор бошқариш, давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш, таълим тизимини модернизация қилиш, инновацион ривожланиш, шунингдек, малакали кадрлар тайёрлаш каби соҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди. Шу муносабат билан қайд этилган соҳаларда Финляндия Марказий Осиё мамлакатлари билан амалий шерикликни кенгайтириш учун қизиқиш уйғотадиган илғор компетенцияларга эга экани таъкидланди.
Учрашувлар якунида томонлар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича истиқболли ташаббуслар ва амалий тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида экспертлар билан мулоқотни, жумладан, таҳлилий ва тадқиқот институтлари орқали давом эттиришга келишиб олдилар.



