19 январь соат 20:00 дан 20 январь соат 20:00 гача бўлган давр учун Ўзбекистон ҳудудлари кесимида об-ҳаво прогнози тақдим этилди.
Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгарувчан бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб айрим ҳудудларда туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан секундига 3–8 метр тезликда эсади. Ҳарорат тунги соатларда 0–2 даража совуқ, кундузи 3–5 даража илиқ бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳам ёғингарчиликсиз ҳаво сақланади. Айрим жойларда туман кузатилиши мумкин. Шимоли-шарқий шамол секундига 7–12 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 8–13 даража совуқ, кундузи 0–5 даража совуқ, Устюрт ҳудудида эса тунги соатларда 17–22 даража совуққача пасайиши мумкин.
Бухоро ва Навоий вилоятларида кун давомида ҳаво асосан қуруқ бўлади, фақат кечга томон айрим жойларда ёмғир ёки қор кўринишида ёғингарчилик эҳтимоли бор. Айрим ҳудудларда туман тушади. Шамол шарқдан 9–14 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 2–7 даража совуқ, кундузи 0–5 даража илиқ атрофида бўлади.
Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Айрим жойларда туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 7–12 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 0–5 даража совуқ, кундузи 2–7 даража илиқ бўлади.
Самарқанд вилоятида ҳам ҳаво ўзгарувчан бўлиб, асосан ёғингарчиликсиз ўтади. Кечга томон айрим жойларда ёмғир ёки қор ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси 0–5 даража совуқ, кундузи 2–7 даража илиқ атрофида сақланади.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кун давомида ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечки соатларда айрим ҳудудларда ёмғир ёки қор эҳтимоли мавжуд. Ҳарорат кечаси 3 даража совуқдан 2 даража илиққача, кундузи 5–10 даража илиқ бўлади.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида кечаси ва эрталаб айрим жойларда енгил қор ёғиши мумкин, кундузи эса ёғингарчилик кутилмайди. Айрим ҳудудларда туман кузатилади. Ҳарорат кечаси 0–5 даража совуқ, кундузи 0–5 даража илиқ бўлади.
Республиканинг тоғли ҳудудларида айрим жойларда қор ёғиши ва туман тушиши мумкин. Йўлларда яхмалак ҳосил бўлиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда. Шунингдек, қор кўчиши хавфи мавжуд. Ҳарорат кечаси 5–10 даража совуқ, кундузи 3 даража совуқдан 2 даража илиққа қадар ўзгариб туради.

