Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш ва хорижий сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган навбатдаги қарор қабул қилинди. 2025 йил 9 январда “Умра плюс” зиёрат туризми дастурини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6-сон қарори тасдиқланди. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали хабар берди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил якунига қадар Туризм қўмитаси томонидан Малайзия ва Индонезиядан “Умра плюс” дастури асосида сайёҳларни жалб этаётган туроператорларга молиявий қўллаб-қувватлаш кўрсатилади. Хусусан, ушбу давлатлардан келтирилган ҳар бир сайёҳ учун туроператорларга 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилиши белгиланди.
Ҳужжатда 2026 йил 15 январдан бошлаб Дастурни илгари суриш бўйича амалий чоралар кучайтирилиши назарда тутилган. Жумладан, Малайзия ва Индонезия ҳудудида “Умра плюс” бўйича кенг кўламли тарғибот кампанияси олиб борилади. Шу билан бирга, туроператор ва турагентлар томонидан Миллий туризм ягона платформаси орқали ушбу дастур асосида шакллантирилган туристик маҳсулотларни онлайн сотиш механизми жорий этилади.
Зиёрат туризмини ривожлантиришда инсон ресурслари муҳим ўрин тутиши инобатга олиниб, дастур доирасида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида махсус ўқув-амалиёт лабораториясини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Малайзиянинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида “Туризм ва меҳмондўстлик” таълим йўналиши бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш назарда тутилган. Мутасаддилар фикрича, мазкур чоралар “Умра плюс” дастури салоҳиятини ошириш, Ўзбекистонни минтақадаги муҳим зиёрат туризми марказларидан бири сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилади.

