9.8 C
Узбекистан
Пятница, 2 января, 2026

Ўзбекистонда 2025 йил якунлари бўйича камбағаллик даражаси ва аҳоли даромадлари таҳлили (+инфографика)

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
8,220участниковПодписаться
- Advertisement -

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш бўйича энг сезиларли суръатлардан бирини намоён этди. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда эҳтиёжманд аҳоли қатлами билан манзилли ишлашни ташкил этиш ва ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш натижасида юзага келган.

Миллий статистика қўмитаси Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган кузатув натижаларига кўра, Ўзбекистонда 2025 йил якунлари бўйича камбағаллик даражаси 3,1 фоиз пунктга қисқариб, 5,8 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистонда камбағаллик даражасини ҳисоблаш методологияси Жаҳон Банкининг тавсиясига кўра 16 мингта уй хўжаликлари бюджетини ўрганиш асосида амалга оширилади.

Ўзбекистонда камбағаллик даражаси

2023 йилда республикада камбағаллик даражаси 14 фоиздан 11 фоизга, 2024 йилда 8,9 фоизга, 2025 йилда эса 5,8 фоизгача қисқарди. Натижада жорий йилда эҳтиёжманд 302 минг оила камбағалликдан чиқарилди. Камбағаллик даражасининг пасайиши республиканинг барча ҳудудларида кузатилмоқда.

Энг юқори натижалар Жиззах (11,8%дан 5,8%гача пасайиш), Хоразм (11,9%дан 6,7%гача), Сирдарё (11,3%дан 6,2%гача) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (10,8%дан 6,6%гача) ҳамда Тошкент шаҳрида (7,3%дан 3,5%гача) кузатилди.

Камбағаллик даражаси шаҳарларда кўпроқ қисқариб, 5,2%ни (2024 йилда 8,6%) ташкил этган бўлса, қишлоқ ҳудудларида 6,4%ни (2024 йилда 9,2%) ташкил этди.

Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда республикада камбағал аҳоли сони 2,2 миллион нафарни ташкил қилади. Ҳудудлар кесимида камбағаллар сони энг кўп Самарқанд (265 минг нафар), Фарғона (239 минг нафар), Қашқадарё (238 минг нафар) ва Андижон (214 минг нафар) вилоятларига тўғри келмоқда.

Аҳоли даромадлари таркиби

Мамлакатда аҳоли даромадлари таркиби таҳлили ижобий ўзгаришларни намоён этмоқда. Даромадларнинг асосий манбалари меҳнатдан олинган даромадлар, ижтимоий тўловлар, пенсиялар ва қишлоқ хўжалигидан олинган даромадларга тўғри келмоқда.

Аҳоли жон бошига ўртача ойлик даромадлар 2,6 млн сўмни ташкил этиб, унинг таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар – 72,6% (2024 йилда – 67,7%), кексалик пенсияси – 11,8% (12,2%), қишлоқ хўжалиги – 10,1% (12,7%), ижтимоий ёрдам – 1,6% (2,2%) ва бошқа даромадлар – 3,9% га (5,2%) тенг бўлди.

Мамлакатда “Хитой тажрибаси” асосида Янги ёндашувларнинг амалиётга жорий этилиши (17.01.2025 йилдаги ПҚ-12 – сон қарорга мувофиқ) юқори даромадли иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришда муҳим омил бўлди.

Жумладан, жорий йилда:

— экспортчи корхоналар иштирокида “Компания – кооператив – деҳқон хўжалиги” тамойили асосида 484 та кооператив ташкил этилиб, уларга 15,7 минг нафар камбағал оила аъзолари жалб қилинди;

— ўрмон фонди ерларидан 8,7 мингта камбағал оилага кўчатхона ташкил этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш учун 21 минг гектар ер майдони ижара асосида ажратиб берилди;

— 2,3 мингта камбағал оилаларга ўзи етиштирган маҳсулотини сотиш учун деҳқон бозорлари ва супермаркетлардан 7,5 минг кв.м. махсус савдо жойлари ажратилди;

— 12 та янги “туризм маҳаллалари”ни ташкил этиш ҳамда 40 та маҳаллада туризм хизматларини ривожлантириш орқали 1,3 минг нафар камбағал оила аъзолари бандлиги таъминланди.

Шунингдек, Сайхунобод тажрибаси бўйича маҳаллаларда қиймати 18 трлн сўмлик 394 мингдан ортиқ микролойиҳалар амалга оширилиб, бу орқали республикада жами 809 минг кишининг бандлиги таъминланди.

2025 йилнинг 11 ойида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 127,1 триллион сўм кредит ажратилди. Бу маблағнинг 27,7 трлн сўми тадбиркорлик дастурларига, жумладан, 4 трлн сўм “Оилавий тадбиркорлик”, 6,6 трлн сўм “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш”, 4,4 трлн сўм “Бизнесга биринчи қадам” ва 13 трлн сўм “Маҳалла лойиҳаси”га йўналтирилган.

Аҳоли даромадлари тақсимоти ва тенгсизлик даражаси

Мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат натижасида аҳоли даромадлари ўртасидаги тенгсизликнинг сезиларли қисқариши кузатилмоқда. Хусусан, аҳолининг энг юқори (1-квинтил) ва энг кам (5-квинтил) даромадга эга гуруҳлари ўртасидаги тафовут 2024 йилдаги 6,3 баравардан 5,7 бараваргача қисқарди.

Ушбу ижобий динамика аҳолининг кам таъминланган қатлами даромадларининг юқори суръатларда ўсиши ҳисобига таъминланди. Таҳлилларга кўра, энг кам таъминланган гуруҳ даромадлари 26%га ошган, бой қатлам даромадлари эса 13%га ошган.

Даромадлар тенгсизлигини ифодаловчи Жини коэффициенти 2024 йилдаги 0,35дан 2025 йилда 0,33га пасайган. Жини коэффициентининг камайиши асосан Тошкент шаҳри – 0,26 (2024 й. – 0,32), Сирдарё вилояти – 0,28 (0,32) ва Қорақалпоғистон Республикасида – 0,28 (0,32) кузатилди.

Ўзбекистонда камбағаллик даражасини баҳолаш 2020 йилдан буён доимий асосда ўтказиб келинмоқда ва аҳоли турмуш даражаси, яшаш шароити ва сифати тўғрисидаги муҳим маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади, шунингдек, мамлакатдаги монетар камбағаллик даражасини баҳолашнинг ягона ахборот манбаи ҳисобланади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар

Кириб келаётган янги 2026 йил муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар, парламентлар ва ҳукуматлар, нуфузли...

Больше похожих статей

×