2.4 C
Узбекистан
Воскресенье, 21 декабря, 2025

МАДАНИЙ ҲАМКОРЛИК–МАЪНАВИЙ ЕТУКЛИК ТИМСОЛИ

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
8,120участниковПодписаться
- Advertisement -

Озодбек НАЗАРБЕКОВ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири:

Ўзбекона бағрикенглик ва инсонпарварлик маданияти нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам ўз салоҳиятига эга бўлиб бормоқда. Миллатлараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барчага миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва имконият яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда Ўзбекистон тутган йўл энг барқарор ва одилона сиёсат сифатида баҳоланяпти. Юртимизда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва тинчлик йўлида ҳамкорлик борасидаги ислоҳотлар Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга улкан ҳисса бўлиб  қўшилди.

Давлатимиз раҳбарининг бундан бир неча йил аввал БМТ минбаридан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилингани ҳақидаги  ташаббуси амалда ўз тасдиғини аллақачон топди.   Президентимизнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” мақоласида таъкидлаган фикр-мулоҳазалари Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ўз позициясини янада мустаҳкамрок эгаллаши  учун замин яратди.

Яқинда  пойтахтимизда  бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашуви минтақавий ҳамкорликнинг мутлақо янги даври бошланиши учун пойдевор бўлишига шубҳа йўқ. Унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар минтақамизнинг умумий тараққиётига хизмат қила бошлади. 

 Шу жиҳатдан олиб қаралганда,  АҚШда “С5 + 1” форматида бўлиб ўтган саммитнинг мазмун-моҳияти ҳам мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишга йўналтирилди. Таъкидлаш лозимки, мазкур анжуман Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотнинг янги босқичини бошлаб бериш баробарида Ўзбекистоннинг тинчликпарварлик сиёсатини бутун оламга маълум қилди. Умуман, минтақавий ва глобал алоқаларнинг янги имкониятлари яратилишида бундай анжуманларнинг аҳамияти жуда катта. 

 Юртимизда 130 дан ортиқ  миллат ва элат вакиллари яшаб келмоқда. Мавжуд этник диаспоралар тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаш, ҳар томонлама ривожлантириш тамойиллари Ўзбекистоннинг Бош қомуси – Конституцияда  ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Миллатлараро тотувликни ривожлантириш  давлат сиёсатида муҳим йўналиш экан, бу ўзбекона бағрикенглик ва яхши қўшничилик анъаналари тарғиботи учун кенг йўл очади. Дунёнинг бошқа минтақаларида содир бўлаётган нохуш  ҳолатларга, тинчликни сақлаш, ўзаро  манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда бундай сиёсат муҳим омилга айланади, албатта.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга қилган расмий ташрифи ҳам халқаро миқёсда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариш йўлидаги тарихий ва ишончли қадам бўлди.ташрифдан кўзланган мақсад ниҳоятда кўламдор бўлиб, Тошкент ва Токио ўртасидаги муносабатлар нафақат икки томонлама, балки минтақавий ва глобал аҳамиятга эгадир.Токио шаҳрида Япония императори Нарухито ва Бош вазир Санае Такаичи ҳамда етакчи университет ва йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашув ўтказишларидан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг кунчиқар мамлакат билан стратегик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Бу ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг “Марказий Осиё+Япония” диалоги номини олиши ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим мулоқот платформаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки маданий соҳаларда ҳам давом этаётгани икки  ҳамкор давлат ўртасидаги дўстлик ришталарини янги ва салмоқли босқичга олиб чиқади.  Жумладан, бу  мамлакат билан маданият ва санъатнинг барча соҳалари, музейшунослик, сайёҳлик ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлигимиз муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

Жумладан, 2019 йил ноябрь ойида Япониянинг Токио, Майдзуру ва Такасаки шаҳарларида ўзбек маданияти ва санъатини тарғиб қилиш мақсадида, маданий тадбирлар ташкил этилди. Ҳукумат вакиллари билан маданият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан учрашувлар ўтказилди.  Икки давлат маданият муассасалари ўртасида ҳам фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Чунончи, Ришшо университети билан Термиз археология музейи ўртасида битим имзоланган бўлиб, бунга асосан, археология ва музей соҳасида ҳамкорлик қилинмоқда. Зеро, давлатларимиз ўртасида маданият соҳасида ўрнатилган ҳамкорлик соҳа вакилларининг билим доирасини ошириб, турли маданий тадбирлар географиясини кенгайтиради. Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро фестивалларда Япония санъаткорларининг доимий иштироки қувонарли воқеа, албатта.

Хусусан, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида “Нагаута-каи” япон шамисен мусиқа гуруҳи фаол  иштирок этиб, нуфузли биринчи ўринни қўлга киритгани фикримиз далилидир. Бундан ташқари, 2018 йилда Шаҳрисабзда ўтказилган халқаро мақом санъати анжуманида япониялик ижодкор Камузаки Машуу  учинчи ўринни эгаллаб, мухлислар олқишига сазовор бўлгани алоҳида эътиборга молик.

 Жорий йил бошланишида CSPC-Japan ташкилоти томонидан
Япониянинг Токио шаҳрида ташкил этилган “Токио халқаро санъат фестивали” ҳамда “Халқаро коллоборатсия концерти”да Тошкент шаҳрида жойлашган Маданият вазирлигига қарашли Р.Глиэр номидаги республика ихтисослашган мусиқа мактаби ўқувчилари   иштироки икки ҳамкор мамлакатнинг маданий алоқалар кўлами нақадар кенгайиб бораётганига яна бир мисолдир.

 Ўзбек-япон халқларининг маданий ва савдо алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалишини,  “Буюк ипак йўли” бўйлаб бу икки миллатнинг ўзаро манфаатли алоқалари мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорлик даражасида шаклланиб бораётганини алоҳида таъкидламоқчиман.  Давлатимиз раҳбарининг Японияга ташрифи арафасида “Ўзбекистон маданият кунлари” тадбирларининг бу диёрда  бўлиб ўтгани ҳам икки давлат раҳбарларининг ўзаро ҳурмат ва ишончли ҳамкорлик йўлидаги саъй-ҳаракатлари амалий натижасидир. Бундай қалбга яқин санъат байрамининг ўтказилиши нафақат маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеа, балки  Осиё минтақасида ўзига хос ҳурмат ва эътиборга лойиқ тадбир, ҳамкорлар ўртасидаги  илиқ муносабатнинг яна бир ёрқин ифодаси эканлиги сир эмас.

Таъкидлаганимиздек, Ўзбекистон ва Япония халқларини қадимий тарих, бой маданият, анъаналарга садоқат ва келажакка ишонч бирлаштириб туради. Икки тинчликпарвар мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг тобора мустаҳкамланиб, сиёсий, иқтисодий ва айниқса, маданий соҳаларда изчил ривожланаётгани, халқларимиз бахти ва саодатидан дарак беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли жамият ҳаётининг барча соҳалари ривожланиб, Ўзбекистон очиқ ва замонавий давлат сифатида дунёга янада танилиб бормоқда.

Халқлар ўртасидаги маданий  алоқалар тинч, осойишта ва маърифатли давлатларга ярашади. Ўзбекистон ва Япония худди шундай мамлакатлар сирасига киради. Дунёда тинчлик ва эзгуликни  сақлаш ўзбек, япон халқларининг азалий орзусидир!  Шу нарса аёнки, барқарор тинчлик, осойишталик ҳукм сурган ўлкаларда  санъат ва маданият гуллаб-яшнайди!

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистон Президенти Россия Федерациясига келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрига келди. “Пулково” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Санкт-Петербург губернатори Александр...

Больше похожих статей

×