Хорижлик муаллиф, покистонлик таниқли журналист ва публицист Муҳаммад Аббос Хоннинг «Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — келажак концепцияси» китоби нашрдан чиқди.
Бу шунчаки таҳлил эмас, урду тилида ёзилган ва ҳозирда рус ва ўзбек тилларига таржима қилинган бадиий-публицистик асардир. Китоб мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларга янгича, мустақил назар ташлайди.
Бу китоб нима ҳақида?
Муаллиф Учинчи Ренессанс ғоясини илгари сурган Президент Шавкат Мирзиёевнинг фалсафий платформаси ва стратегик қарашларини очиб беради. Қарама-қаршилик ўрнига ҳамкорлик, жаҳолат эмас маърифат, душманлик кайфияти ўрнига ишончни назарда тутувчи Ўзбекистоннинг янги гуманистик ёндашувини эътироф этади. Аслида, бу Янги Ўзбекистоннинг бутун дунёга йўллаган асосий даъватидир!

Муҳаммад Аббосхон Учинчи Ренессанс ғояси Имом Бухорий, Имом Термизий, Улуғбек каби буюк алломалар таваллуд топган юртимизнинг кўп асрлик маънавий, илмий ва маданий меросидан илҳом ва куч олишини кўрсатиб берган.
Муаллиф ҳозирги ислоҳотларни Буюк Ипак йўли тарихи билан таққослайди. Унинг фикрича, замонавий Ўзбекистон нафақат қадимий анъаналарни тикламоқда, балки уларга янги мазмун бағишламоқда, мамлакатни инсонпарварлик тафаккури, очиқлик ва илмий ҳамкорлик марказига айлантирмоқда.
Китоб аллақачон Покистон ва бошқа мамлакатлардаги экспертлар ва сиёсатчилар томонидан юқори баҳоланган. Энди у ўзбек ўқувчиларига ҳам етиб боради.

