Ўзбекистон делегацияси 2025 йил 24-26 ноябрь кунлари Женевада ўтказилган бизнес ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича 14-йиллик форумда иштирок этди. Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси томонидан ташкил этилди.
Форумда халқаро ташкилотлар, давлат идоралари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий ва экспертлар ҳамжамияти, шунингдек, ишбилармон доиралар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат 1200 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси «Сиёсий инқироз шароитида Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиёда бизнес ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларни сақлаб қолиш» мавзусига бағишланган махсус ялпи сессияда иштирок этди.
Сессияда геосиёсий беқарорлик ва корпоратив масъулият механизмларининг ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги долзарб муаммолар муҳокама қилинди.
Мунозараларда БМТнинг Бизнес ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ишчи гуруҳи аъзоси Л.Якулевичене, БМТ Тараққиёт дастури эксперти Е.Уварова, Белград инсон ҳуқуқлари маркази ижрочи директори С.Тошкович, Греция Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси раиси М.Гавунели ва бошқалар сўзга чиқди.

А.Саидов ўз нутқида иштирокчиларга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш стандартларини ишбилармонлик муҳитига жорий этиш бўйича Ўзбекистоннинг миллий тажрибаси, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Бизнесда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалалари бўйича эришилган ютуқларга алоҳида эътибор қаратилди.
Сессия иштирокчиларининг чиқишларида, замонавий таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқларни сақлаб қолиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

