Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг хабарига кўра, “Texnopark” МЧЖ ва Германиянинг “Diehl Metering” компанияси ҳамкорлигида “OSTEN” бренди остида “ақлли” сув ҳисоблагичлар ишлаб чиқаришни йулга койди. Корхона йилига 350 минг дона қурилма ишлаб чиқаради ва маҳсулотни тўлиқ маҳаллийлаштириш режалаштирилган.
Янги заводнинг очилиш маросимида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, шаҳар ҳокимлиги, Франция элчихонаси, “SUEZ International SAS”, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ, “Ўзелтехсаноат” уюшмаси ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.


“OSTEN” ҳисоблагичлари халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Улар “Diehl Metering” ишлаб чиққан “IZAR NET” ва “IZAR Mobile” тизимлари билан ишлайди. Бу тизимлар сув сарфини реал вақт режимида кузатиш, сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ва тўловларни шаффоф амалга ошириш имконини беради.
Лойиҳа Президентнинг қарори асосида амалга оширилмоқда. 2028-йилгача Тошкентда жами 670 минг дона “ақлли” сув ҳисоблагич ўрнатиш кўзда тутилган. Бу ташаббус сув инфратузилмасини модернизация қилиш, рақамли ечимларни кенг жорий этиш ва истеъмолчилар учун қулайлик яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Тадбир иштирокчилари ушбу лойиҳа экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилишини таъкидлашган.










