23.7 C
Узбекистан
Среда, 10 сентября, 2025

Ўзбек тили давлат тили (эмас)

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,750участниковПодписаться
- Advertisement -

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлибди. Биз одатда бир асрнинг учдан бирига менгзалган бу фурсатни ислоҳотлар ва тараққиёт учун жуда қисқа фурсат деб таъриф этиб, ўзимизнинг ноқислигимизни, журъатсизлигимизни ва дангасалигимизни хаспўслашга ўрганиб қолганмиз. Аслида эса бу оз муддат эмас. Олмон халқи урушдан вайронага айланган ўлкани бундан оз муддатда иқтисодиёти маромга тушган, ҳар тарафлама ривожланаётган мамлакатлар сафига олиб чиқа олган. Японлар бу муддатнинг учдан бирида ярим асрлик урушлардан толиққан, айтарли ҳеч қандай табиий бойлиги йўқ, табиий офатларнинг ҳамма тури бор юртни капиталистик янги дунёда ишлаб чиқариш ва саноат борасида иккинчи ўринда турувчи етакчи мамлакатга айлантирган. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Бизда ҳам ўтган ўттиз йил ичида озми-кўпми ривожланиш, ислоҳотлар бўлгани ва сўнгги йилларда бу жараён янада жадаллашгани бор гап. Бунга минг шукр. Булар ўз йўлига. Аммо ўтттиз йилдирки, биргина тил борасидаги қонунни эплаб жойига келтира олмаётганимиз ҳам ҳақиқат. Бунинг қатор сабаблари бор, албатта. Назаримда, ўша сабаблардан бири ‒ ўзбек тили давлат тили бўла олмаётганида бўлса керак. Тўғри, унга қоғозда давлат тили мақоми берилган, лекин воқеликда уни давлат учун тил деб юз фоиз қабул қила олганимизча йўқ.

Афсуски, ўзбек тилини ўзидан энг узоқ тутаётган қатлам ўқитувчилар, олимлар ёки бошқалар эмас, айнан давлат муассасалари бўлмоқда. Буни билиш учун жуда катта тадқиқот керак эмас, кўплаб идораларда оддий ҳужжатлардан тортиб, қонун-қоидаларгача ҳануз рус тилида тузилаётгани сўзимизга ёрқин далил бўла олади. Ҳозиргача давлат қонунлари рус тилида ёзилади, ўқилади, муҳокама қилинади ва кейин кимдир ҳафсала қилса, ўзбек тилига ўгирилади. Бекорчи таржимон топилмаса, қонунлар таржима қилинмай қолиб ҳам кетаверади. Энг ачинарлиси, аслида бошқа тилда ёзилгани учунми ёки таржима нўноқми, кўпинча қонунларнинг ўзбек тилидаги нусхасини ўқиб яхши тушунмайди одам. Мазмун-моҳиятдан ташқари, гап ва жумла тузишлар ҳам табиий ўзбекча эмас. Камига таржима қилинмай қолган сўзлар ҳаддан ташқари кўп.

Ўзбек тили давлат тили бўла олмаётганини ҳукумат тарафидан қурилаётган иншоотлар, муассасаларнинг номларида ҳам кўриш мумкин. Камига улар ҳақида узатилаётган хабарларда ўша номлар бира тўла ажнабийча ёзувда берилмоқда. Масалан, “Халқ сўзи” газетасида берилган ушбу сарлавҳага эътибор беринг: “Tashkent City”: “Hilton”даги давлат раҳбарлари учун мўлжалланган номерлар қандай кўринишда?

Сарлавҳадаги ҳар бир ажнабийча сўзни таҳлил қилсак, гап чўзилиб кетади. Биргина “Tashkent City” жумласини олайлик. Нега кирилл алифбосида ёзилган мақолада “Tashkent City” лотин алифбоси ҳарфлари билан, ажнабийча битилган? Матбуотни кузатинг, бу ном ҳамиша ажнабийча шаклда қайд қилинмоқда: “Президент “Tashkent City” лойиҳалари билан танишди”, “Давлатимиз раҳбари “Tashkent City” халқаро бизнес марказига ташриф буюрди” ва ҳоказо. Нега энди кирилл ёзувидаги газетада айнан шу ибора фақат ажнабийча ёзилиши керак? Бу иншоот ўзи қаерда қуриляпти, Ўзбекистондами ё бошқа жойдами? Бу шаҳарча ўзбекларга тегишлими ёки инглизларгами? Нега уни ўзбекча номлашдан қочилади? Тилмиз шу битта жойга ном бера олмайдиган даражада яроқсизмасдир?

Аслида бу мажмуани “Тошкент шаҳарчаси”, “Шош кент”, “Янги Шош” ёки шу каби ўзбекча ибора билан номласа ҳам бўлар эди. Жуда бировлар тушунмай қолади-да, дейилса, ёнига ажнабийча номни ҳам илова қилиш мумкин. Боринг ана, давр талаби, халқаро истеъмолдаги сўз бўлсин деган ўйда ном танланганда ҳам уни “Тошкент сити” деб ёзса, нимаси чатоқ? Масалан, руслар шундай қилишади: расмий матбуотларда ҳам “Москва сити” деб ёзишади. Хўш, шу билан ўша ситининг бозори юрмай қоладими? Ёки бу билан руслар бошқалар олдида обрўсизланиб қолдими? Йўқ, аксинча, ўз тилини ҳурмат қилган халқни бошқалар ҳам ҳурмат қилади. Жуда ажнабийпарастлигимиз қўймаётган бўлса, келинг, руслардан ўрнак олайлик, “Тошкент сити” деб ёзайлик.

Қайси ўзбек “City” сўзини инглизчасига ўқийди? Инглиз тили талаффуз қоидасини билмаган одам учун бу сўз ниҳоятда тушунарсиз ёзилган. Агар уни бизда қабул қилинганда тил ҳақида гаплар айланиб, телевизорда тилшунослар кўриниш бериб қолишади, кейин шу бўйи томошабинлар билан бир йилга хайрлашишади. Аслида тил бўйича ҳар ҳафта, иложи бўлса, кун ора мана шундай кўрсатувлар бериб борилиши керак. Унда тилнинг хусусиятлари ўргатилиши, мавжуд муаммолар ўртага ташланиши, муҳокама қилиниши лозим. Бирор иш-ҳаракат ёки буюмга ном бериш учун эълон бериб, халқдан фикр олиш ҳам мумкин. Одамлардан кутилмаган жавоблар бўлиши тайин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ‒ конлардир» (Бухорий ривояти), деб бежизга айтмаганлар. Бу борада туркларда, форсларда анчагина фаоллик бор. Улар янги яратилаётган замонавий ускуналарга ҳам ном бериш учун бош қотиришади, муҳокама қилишади ва кўпинча яхши натижага эришишади. Бу каби ишлар ҳам давлат тарафидан уюштирилиши, юргизилиши даркор. Бунинг учун давлат ўзбек тилини чиндан ҳам ўз тили деб эътироф этиши ва буни амалда кўрсата билиши лозим.

Тил ҳақида ҳарчанд гапирилса ҳам, мақолалар ёзилиб, телевизорда муҳокамалар қилинса ҳам, кўзланган мақсад ҳосил бўлмаётганининг сабабларидан бири ‒ халқимиз руҳиятида ўзликни англаш, она тилини севиш етишмаётгани бўлса, ажаб эмас. Яшириб нима қиламиз, ўз она тилида гаплашишни ўзига эп кўрмайдиган ўзбексимон олифталар қанча. Буларнинг барчаси одамларда миллий ғурур, ўзлик туйғуси емирилганидан дарак беради.

Биз тилни асраш учун, уни ривожлантириш учун аввало ёшларимизда, раҳбару фуқарода ўзликни англаш руҳини шакллантиришимиз, уларга ўзбек тилини танитишимиз, севдира олишимиз даркор. Танимаса, севмайди. Демак, биз одамларимизга тилимизнинг бойлигини, гўзаллигини уқтира билишимиз керак. Бунинг учун ўзбек тили том маънода давлат тили мақомига эга бўлиши лозим.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
ФБ профилидан

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ливерпуль. Кеча рингга кўтарилган барча 7 нафар боксчимиз ғалаба қозонди

Англиянинг Ливерпуль шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича Жаҳон чемпионатида кеча бешинчи кун дастуридан ўрин олган жанглар бўлиб ўтди. Унда...

Больше похожих статей

×