Тошкентда бугун, 15 июнь куни соат 07:55 ларда «ISUZU» русумли автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳолат бўйича «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Ахборот хизмати расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, «7-Автобус саройи» филиали ҳайдовчиси М.А (1991 йилда туғилган, стажи 2016 йилдан буён) «Исузу» русумли автобусни 56-йўналишда Бунёдкор шоҳкўчаси бўйлаб йўловчиларсиз бошқариб бораётган бўлган.
У «Халқлар дўстлиги» саройи қаршисида пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётганида, ўнг томонидан енгил автомобиль кескин сиқиб ўтиши натижасида, ўзидан олдинда тўхтаб турган автомобиль билан тўқнашув содир этмаслик учун автобусни чап томонга бурган ва йўл четидаги темир симёғочга бориб урилган.
Ҳодиса натижасида жароҳат олганлар йўқ.
Ҳозирда мазкур ЙТҲ Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг Йўловчи транспортида ҳаракат хавфсизлигини назорат этиш бўлими томонидан хизмат суриштируви ўтказилмоқда.