Ўзбекистон элчиси Фурқат Сиддиқовнинг АҚШнинг Бостон шаҳрига (Массачусетс штати) ташрифи доирасида ушбу шаҳар ва унинг атрофида истиқомат қилувчи ватандошларимиз билан учрашув ўтказилди.
Учрашув доирасида ватандошларга мамлакатимизда ўлар учун яратилаётган кенг имкониятлар тўғрисида маълумот берилди. Элчи Фурқат Сиддиқов маданий ва илмий ҳамкорликни кенгайтиришда ватандошлар уюшмаларининг роли муҳим эканлигига урғу берди.
Тадбир давомида, шунингдек, Бостон шаҳрида янги ташкил этилган Ўзбек жамоаси «Турон Ассоциацияси»нинг тантанали очилиши ҳам бўлиб ўтди. Ассоциациянинг асосий вазифалари орасида Ўзбекистон маданияти ва меросини сақлаш ва уни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш, ватандошлар ўртасида маърифий ва илмий тадбирларни ташкил этиш каби муҳим йўналишлар мавжуд эканига урғу берилди.
Бундан ташқари, Бостон шаҳри ва унинг атрофида истиқомат қилувчи ватандошларимиз учун ташкил этилаётган «Илдиз» онлайн платформасининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Платформа, ўз фаолиятини АҚШда ишлайдиган юқори малакали мутахассислар, молия институтлари, университетлар, юридик фирмалар, тадбиркорлар ва инвесторларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Сўнгра ватандошларимиз ҳамда америкалик ҳамкорлар иштирокида кириб келаётган Наврўз байрами муносабати билан маданий кеча ташкил этилди. Хусусан, тадбирда Гарвард университетининг етакчи олимлари ва институт раҳбарлари иштирок этди.
Уларга Ўзбекистоннинг туристик ва гастрономик салоҳияти, маданий урф-одатлари, бой маданиятнинг ўзига хослиги, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда кузатилаётган динамик ўзгаришлар ҳақида махсус видеолавҳалар намойиш қилинди.
Учрашув якунида ватандошларимиз икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий ва илмий алмашинув дастурларини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги имижини мустаҳкамлашга тайёрликларини билдиришди.
МАНБА: Халқ сўзи