Нью-Йоркда Ўзбекистон ва Лихтенштейн ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма коммюнике имзоланди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.
Қайд этилишича, икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Лихтенштейн Князлигининг БМТдаги доимий вакили Кристиан Венвайзер имзолади.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни кучайтиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш учун икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистон билан Европа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Шу тариқа, Лихтенштейн Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 146-давлатга айланди.
Эслатиб ўтамиз, 18 январь куни Кампала шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Уганда Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланган эди. Уганда Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларни ўрнатган 145-мамлакат бўлди.