Жорий йил 6 март куни пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшовчи Камола Шукруллаева ҳамда унинг турмуш ўртоғи — туман ички ишлар бўлими лейтенанти Беҳруз Худойбердиев бирйўла 4 нафар эгизакнинг ота-онасига айланди.
Республика перинатал марказида чақалоқларнинг соғлом туғилиши учун зарур шароит ҳозирланиб, кесарча усулида, асоратсиз туғуруқ амалиёти натижасида 1,5, 2,3 ва 2,5 килограммлик 3 нафар ўғил ҳамда 2,3 килограммлик қизалоқ дунёга келди.
Ҳозирда гўдакларнинг аҳволи яхши. Уларнинг зарур витаминлар ҳамда она сути билан озиқланиши неонатолог шифокор ва ҳамширалар назорати остида.
Бу – жорий йил Республика перинатал марказида тўрт нафар эгизаклар туғилиши билан боғлиқ учинчи ҳолатдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қибрай туманининг Бирлик маҳалласида яшовчи Тоировлар оиласида 4 нафар эгизак дунёга келгани ҳақида хабар берган эдик. Куни кеча ушбу чақалоқлар ва уларнинг онасига уйига жавоб берилди.