Тижорат банклари томонидан янги инвестиция лойиҳалари тайёрланиб, президентга тақдим қилинди.
Қайд этилишича, 10 та йирик тижорат банки томонидан жами қиймати 1,5 млрд доллар бўлган 136 та янги лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган.
Хусусан, Асака банк кредити иштирокида пойтахтимизнинг “Эски шаҳар” ҳудудида Миллий савдо шаҳарчасини ташкил этиш мўлжалланган.
Агробанк томонидан тўқимачилик кластерлари билан биргаликда қўшимча 43 та лойиҳа шакллантирилган. Жами 501 миллион долларлик ушбу лойиҳалар натижасида пахта толасини қайта ишлаш даражаси анча ошиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами кенгаяди.
Миллий банк томонидан жорий йилда 225 млн долларлик 6 та янги лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ҳамда Наманган вилоятларида поливинилхлорид ва алюминий ромлар ишлаб чиқариш, пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида поезд вагонлари ҳамда юк машиналарига хизмат кўрсатувчи транспорт-логистика марказини ташкил қилиш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан “Ургут” эркин иқтисодий зонасида 110 млн долларлик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бунда, йилига 600 минг тонна пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати пайдо бўлади.
Ипотека банк Қуйи Чирчиқ туманида 27 гектардан зиёд майдонда замонавий логистика фаолиятини ташкил этиш лойиҳасига сармоя киритмоқчи. Бу корхона бир вақтда 120 та юк машинаси ва 25 та вагонга хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.
Давлат раҳбари ушбу лойиҳалар аввало иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиши кераклигини таъкидлади.