Сардоба сув омборини қайта тиклашда ҳозирги кунда сув омборининг ҳолати юзасидан ҳамда юзага келган техноген офатни сабабларини ўрганиш юзасидан, унинг келиб чиқиш ҳолатлари қайта такрорланишининг олдини олиш мақсадида, хорижий мутахассислар (Москва давлат Қурилиш универститети) жалб қилиниб техник ечимлар тўлиқ ўрганиб чиқилмоқда.
Бу ҳақда Қурилиш вазирлигида «Сардоба сув омборини қайта тиклаш режалари ва амалга оширилаётган ишлар» мавзусида бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, муҳандислик-қидирув ишлари “ЎзГАШКЛИТИ” ДУК ташкилоти томонидан Россиянинг мутахассислари билан биргаликда олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида Сардоба сув омборининг тўғони 60 ПКда бузилиши оқибатида тўғоннинг бошқа қисмларида ҳам оқим таъсирида бузилишлар бўлгани, ҳозирги кунда шу нуқсонларни бартараф этиш ҳамда вақтинчалик сув омборни қисман фаолият юритишини тиклаш кўзда тутилаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, сув омборининг айни вақтдаги ҳолати ҳақида ҳам маълумот берилди.
“Бугунги кунда сув омборида 230 млн куб сув тўпланди, биз уни тез орада 350 млн кубга етказамиз ва шу билан ўтган йилги тўпланган сув ҳажмига етади”, дейди Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев.
Юқоридаги тиклаш ишлари юзасидан “Гидролойиҳа” АЖ лойиҳачилари ва Москва институти мутахассислари иштирокида келишилган лойиҳа ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳа юзасидан эса давлат экспертизаси томонидан 2021 йил 12 февралда 4-Э-сонли эксперт хулосаси берилган.