5-ўрин. Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев ва шоир Беҳзод Фазлиддин ўртасидаги фуқаролик суд иши.
Изоҳ. Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев шоир Беҳзод Фазлиддинга тегишли бўлган “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” тўпламидаги “Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз” деб бошланувчи шеърдан муаллифнинг рухсатисиз фойдаланган. Фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарорига кўра хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевга жами 26 млн. сўм товон пулини шоирга тўлаб бериш ва “Айёр дўстларим” номли қўшиқни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлаш мажбурияти юклатилган.
4-ўрин. Қўшиқчи Ўктам Алиевга тегишли бўлган «Ўйламадим» қўшиғини хонанда Достон Эргашов томонидан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз фойдаланганлиги ҳақидаги суди иши.
Изоҳ. Икки хонанда ўртасидаги можаролар санъат оламида катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Узоқ муддатли келишмовчиликлардан сўнг ушбу санъат вакиллари ўзаро келишувга эришдилар. Адлия вазирлиги ушбу жараёнда медиатор вазифасини бажарди ва бунинг натижасида яна бир муаллифлик соҳасидаги низо бартараф этилди. Келишувга мувофиқ «Ўйламадим» қўшиғининг муаллифи Ўктам Алиев хонанда Достон Эргашовга нисбатан 500 миллион сўм миқдоридаги моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан тегишли судга киритган аризасини қайтариб олди.
3-ўрин. Халқимиз орасида «Санжай» таҳаллуси билан машҳур бўлган хонанда Санжар Жавбердиев ва Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ўртасидаги фуқаролик суд иши.
Изоҳ. Хонанда «Санжай» шоир Усмон Азимга тегишли бўлган «Карвон» шеъридан ноқонуний фойдаланганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича суднинг Санжайдан шоир Усмон Азим фойдасига 90 миллион сўмдан ортиқ товон пули ундирилиши хақидаги қарори чиққан.
2-ўрин. Халқимиз орасидаги машҳур шоир Бобур Бобомурод ва таниқли «Фарҳод ва Ширин» жуфтлиги ўртасидаги фуқаролик суд иши.
Изоҳ. Шоирнинг шеърий асарларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан суд иши кўрилган ва шоир ҳисобига 130 миллион сўм товон пули ундириш ҳақидаги суд қарори чиққан.
1-ўрин. Юлдуз Усмонова ва шоир Йўлчи Рўзиев ўртасидаги фуқаролик суд иши.
Изоҳ. Шоир Йўлчи Рўзиевга тегишли бўлган “Хаста бўлма” шеъри Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова томонидан ҳуқуқ эгасининг руҳсатисиз ноқонуний фойдаланилганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарорига кўра Юлдуз Усмонова ҳисобидан даъвогар Йўлчи Рўзиев фойдасига умумий миқдорда 185 миллион сўм ундириш белгиланган.