Лотин Америкаси табиий бойликлари билан доимо дунёда мамлакатларида қизиқиш уйғотиб келган. Сўнгги йилларда айни қизиқиш ортса ортдики, асло камаймади. Зеро, минтақа аъанавий саноат учун қазиб олинаётган ресурслар кўплигидан ташқари, саноатнинг янги тури бўлмиш электромобилсозлик учун ҳам хом ашё захирасига бой экани аёнлашмоқда. Натижада минтақа саноати ривожланган мамлакатлар, гигант корпорациялар ёки экологик тоза транспорт турлари ишлаб чиқарувчилар нигоҳини оҳанрабодек ўзига қаратмоқда.
Маълумки, фавқулодда оғир иқлим шароитида ҳамда Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли дунёда энергетика инқирози кечаётган бир даврда дунёнинг етакчи давлатлари энергетика манбаларини қидиришда муқобил йўлларни қидиришга мажбур қилмоқда. Бу эса табиийки, айрим фойдали қазилмаларга талабни оширяпти. Масалан, никель, мис, графен (графитдан олинган суперўтказгич), айниқса электромобил аккумуляторининг “юраги” ҳисобланган литий билан боғлиқ лойиҳалар жуда тез суръатда илгари сурилмоқда.
Лотин Америкаси бу жараёнда муҳим роль ўйнай бошлайди, чунки ер юзидаги мис захирасининг 40 фоизи минтақадаги уч давлат — Чили, Перу ва Мексикага тўғри келаркан. Бразилия 17 фоиз кўрсактич билан никель ва графен захираси бўйича Хитой ва Туркиядан кейин дунёда учинчи ўринда туради. Умуман, Боливия, Аргентина, Перу, Мексика, Бразилия ва Чили санаб ўтилган моддаларнинг 68 фоизидан кўпроғини жаҳон бозорига чиқариши мумкин.