Дунёда глобал исишни саноатлашувгача бўлган даврга нисбатан 1,5°C даражасида ушлаб қолиш эҳтимоли паст. Бироқ иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш ҳароратнинг янада кўтарилишини чеклаши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНЕП) ҳисоботида маълум қилинган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иқлим ўзгариши оқибатлари аллақачон инсонлар ўлими ва иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлаётганини таъкидлади. Асосий хавфлар қаторида вайронкор сув тошқинлари, ҳаддан ташқари иссиқлик ва кенг кўламли ўрмон ёнғинлари бор.
ЮНЕП баҳолашига кўра, аср ўрталарига келиб глобал исишни тахминан 1,7–1,8°C даражасида чеклаш учун иссиқхона газлари чиқиндилари 2035 йилгача ҳар йили 6 фоиздан кўпроқ камайиши керак. Бунда 2025 йилдаги чиқиндилар ҳажми асос қилиб олинган.
Бироқ ҳозирда чиқиндилар ҳажми ўсишда давом этмоқда. Уларнинг асосий манбаларидан бири кўмир, нефть ва газни ёқиш ҳисобланади.
Шу билан бирга, ЮНЕП тоза энергетикани ривожлантиришдаги ютуқларни ҳам қайд этди. Париж келишуви қабул қилинганидан кейин қайта тикланувчи энергетика қувватлари ва электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми прогнозларга нисбатан тезроқ ўсди. Хусусан, қуёш энергетикасининг фотоэлектрик қурилмалар орқали ривожланиши аввалги кутилмалардан етти баравар юқори бўлди.
Ҳисобот баҳолашларига кўра, амалдаги сиёсат сақланиб қолса, аср охирига бориб глобал исиш 2,8°C даражага етиши мумкин. Мамлакатлар эълон қилган иқлим мажбуриятлари бажарилган тақдирда ҳам бу кўрсаткични тахминан 2,1°C даражада чеклаш мумкин бўлади.
БМТ вазиятни ўзгартириш учун янада қатъий чоралар зарурлигини таъкидламоқда. Гутерриш ҳукуматларни чиқиндиларни қисқартириш бўйича ҳаракатларни кечиктирмасликка чақирди ва глобал исишнинг ҳар бир даража улуши ҳам муҳим эканини эслатди.


