Ўзбекистонда янги кўп қаватли уйлардаги лифтларга бир йил давомида хизмат кўрсатиш мажбурияти қурилиш компаниялари зиммасига юклатилади. Шунингдек, лифтлар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини харид қилиш электрон платформа орқали амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамаси 22 октябрь куни лифтларни рўйхатдан ўтказиш, улардан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишнинг янги тартибларини белгилайдиган қарор қабул қилди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Ҳужжатга кўра, қурилиш ташкилотлари янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилганидан кейин бир йил давомида улардаги лифтларга хизмат кўрсатиши шарт.
Лифтлар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини сотиб олиш ҳамда сотиш вазирлик томонидан ишлаб чиқилган «Хавфсиз лифт» электрон платформаси орқали амалга оширилади.
Техник хизмат кўрсатувчи компаниялар учун ҳам талаблар белгиланган. Лифтларни текшириш ва зарур сервис ишлари тасдиқланган жадвал асосида — ҳар ойда, ҳар чоракда, ярим йилда бир марта ва йилда бир марта ўтказилиши керак.
Кўп қаватли уйлар аҳолиси учун ҳам алоҳида қоидалар жорий этилади. Жумладан, лифтларда қурилиш материаллари ва чиқиндиларни, ўткир ҳидли кимёвий моддаларни, шунингдек, кабинага хавфсиз жойлаштириш имкони бўлмаган буюмларни ташиш тақиқланади.
Янги тартиблар лифтларга техник хизмат кўрсатишни тизимлаштириш ва улардан фойдаланиш хавфсизлигини оширишга қаратилган.


