Жанубий Кореянинг етакчи нашрларидан бири The Chosun Daily газетасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажакка йўналтирилган ҳамкорлик» номли мақоласи нашр этилди.
Мақолада давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқалар, стратегик шерикликнинг ривожланиши ва савдо-инвестициявий ҳамкорликнинг кенгайиши ҳақида сўз юритган. Муносабатларни янги технологик босқичга олиб чиқиш истиқболларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги йилларда икки томонлама савдо ҳажми беш баробарга ошган, Корея инвестицияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган маблағлари эса 8 миллиард доллардан ортган. Айни пайтда мамлакатда Корея капитали иштирокида 700 дан ортиқ қўшма корхона ва лойиҳа амалга оширилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг KOICA, Корея Эксимбанки ва EDCF билан ҳамкорликдаги лойиҳалар портфели умумий қиймати 3,5 миллиард доллардан ошади.
Шавкат Мирзиёев икки давлат иқтисодиётларининг ўзаро тўлдирувчанлиги янги иқтисодий ўсиш манбаларини шакллантириш учун имконият яратишини таъкидлаган. Унинг фикрича, ҳамкорликни алоҳида лойиҳалардан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорлар яратиш босқичига олиб чиқиш зарур.
Президент истиқболли йўналишлар сифатида **сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электромобиллар, биофармацевтика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва «ақлли шаҳарлар»**ни қайд этган.
Инсон капиталини ривожлантириш, таълимга инвестицияларни ошириш, академик алмашинувларни кенгайтириш ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилган.
Давлат раҳбари «Марказий Осиё — Корея Республикаси» формати муҳим аҳамиятга эга эканини ҳам таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ушбу механизм минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим майдонга айланиши мумкин.
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Жанубий Корея тинчлик, инновациялар, ўзаро ишонч ва умумий фаровонлик тамойилларига асосланган янги ҳамкорлик маконини шакллантириши мумкинлигига ишонч билдирган.
The Chosun Daily 1920 йилда ташкил этилган Chosun Ilbo медиа гуруҳи таркибига киради ва Жанубий Кореянинг йирик ахборот нашрларидан бири ҳисобланади.


