Ўзбекистонда электрон тижорат соҳасида фаолият юритувчи операторларни тартибга солишнинг янги механизми жорий этилмоқда. 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1154-сон Қонунга мувофиқ, сентябрь ойидан электрон тижорат операторлари фаолиятини хабар бериш тартибида амалга оширади.
Электрон тижорат операторларининг фаолияти бошлангани ва тугатилгани ҳақида ваколатли органни хабардор қилиш тартиби Миллий истиқболли лойиҳалар агентлиги директорининг буйруғи билан тасдиқланган. Мазкур тартиб 2026 йил 24 сентябрдан кучга киради.
Янги талаблар электрон савдо платформалари, буюртмалар агрегаторлари ва рақамли стриминг хизматлари операторларига татбиқ этилади.
Операторлар Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Шунингдек, электрон тижорат, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳамда реклама соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этиши лозим.
Операторлар ваколатли орган сўровига кўра электрон тижорат субъектлари фаолиятига оид маълумотларни бепул тақдим этиши, чакана савдо қоидаларига риоя қилиши ва электрон тижорат иштирокчиларига хизматларни лозим даражада кўрсатишни таъминлайдиган ахборот тизимига эга бўлиши талаб этилади.
Шунингдек, фаолият бошлангани ҳақидаги хабарномада кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги таъминланиши керак. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда меҳнат шартномалари ҳақидаги маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилади.
Оператор ўз номи ёки жойлашган манзили ўзгаргани, шунингдек, филиал ёки ваколатхона очилгани ҳақида 10 иш куни ичида ваколатли органни хабардор қилиши шарт.


