Тошкент шаҳрида жамоат инфратузилмасини янгилаш, аҳоли учун уни янада очиқ, хавфсиз ва қулай қилиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Бу жараён дастлаб маҳаллалар, пиёдалар йўлаклари ва бошқа жамоат жойларини ободонлаштиришдан бошланган эди. Бугунги кунда мазкур ишлар шаҳар бозорларини ҳам қамраб олмоқда.
Шундай объектлардан бири тошкентликларга яхши таниш бўлган «Янгиобод» бозори. Кўплаб мамлакатларда бундай форматдаги масканлар «бурга бозори» деб аталади.
Шу сабабли шаҳар ҳокимлиги бозорни янгилашда унинг одатий қиёфасини ўзгартириш ёки бошқа форматдаги бозорга айлантиришни мақсад қилмаяпти.
Асосий вазифа «Янгиобод»ни бу ерда ишлайдиганлар ва унга ташриф буюрадиганлар учун янада қулай, хавфсиз ва шинам қилиш.
Бунинг учун ҳудудни ободонлаштириш, санитария талабларига жавоб берадиган шароит яратиш, хавфсизликни таъминлаш, зарур инфратузилмани барпо этиш, пиёдалар учун қулай йўлаклар ва автотураргоҳлар ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозир «Янгиобод»да фаолият юритаётган сотувчилар ўз савдо жойларини сақлаб қолади. Бозорнинг одатий ихтисослашуви ва энг муҳими, унинг ўзига хос муҳити ҳам сақланади.
Айни пайтда шаҳар ҳокимлиги лойиҳачилар билан биргаликда «Янгиобод»ни янгилаш концепциясини ишлаб чиқмоқда.
Шаҳар учун бу шунчаки қоғозда яратилган лойиҳа эмас, балки бозор фаолияти билан боғлиқ инсонларнинг фикрлари инобатга олинган ечим бўлиши муҳим.
Шу мақсадда лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилади. Ҳар бир фуқаро таклиф этилаётган ўзгаришлар билан танишиши, ўз фикрини билдириши, савол бериши ва таклифлар киритиши мумкин бўлади.
Шаҳарнинг асосий вазифаси — инсонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда, «Янгиобод»нинг ўзига хос қиёфаси ва муҳитини сақлаб қолиш ҳамда бир вақтнинг ўзида янада хавфсиз, қулай ва замонавий муҳит яратишдан иборат.


