Ўзбекистонда давлат активларини тадбиркорларга сотиш шартлари енгиллаштирилади. Харид учун талаб этиладиган аванс миқдори 30 фоиздан 15 фоизга камайтирилади.
Янги тартибга кўра, давлат активи учун олти ой ичида тўлиқ тўловни амалга оширган тадбиркорларга 25 фоизлик чегирма берилади. Сумманинг ярмини тўлаган тадбиркор қолган маблағни етти йил давомида фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади.
Шунингдек, уч ой давомида сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтирилади. Аукцион ўтказиш муддати эса икки баробар қисқартирилади.
Кичик тадбиркорлик субъектлари учун гаров таъминоти масаласини енгиллаштириш мақсадида «контр-кафолат» тизими жорий этилади.
Унга кўра, 10 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар таъминлайди. Тадбиркордан эса кредитнинг 25 фоизига тенг гаров талаб этилади.
Шу билан бирга, тадбиркорларга солиқ масалаларида ёрдам бериш учун «Виртуал солиқ маслаҳатчиси» сунъий интеллект портали ишга туширилди. Келгуси йилдан бундай сунъий интеллект ёрдамчиларини қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматлари соҳаларида ҳам жорий этиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари ҳудудлардаги бўш ерлар ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активлари лойиҳаларга айлантирилиб, янги иш ўринлари яратиш ва экспортни оширишга хизмат қилиши зарурлигини таъкидлади.


