Арманистоннинг Раздан шаҳрида минтақадаги бу турдаги энг йирик мажмуалардан бири бўлган Firebird AI-фабрикаси ишга туширилди. Лойиҳа NVIDIA тезлаштирилган ҳисоблаш тизимлари ва Dell Technologies инфратузилмаси асосида амалга оширилган.
Мажмуанинг майдони қарийб 200 минг квадрат метрни ташкил этади. Биринчи босқичда қуввати тахминан 18 МВт бўлган 6 мингдан ортиқ NVIDIA Blackwell GPU ишлаши режалаштирилган.
Firebird режаларига кўра, 2027 йил охирига қадар Арманистондаги инфратузилма Blackwell ва Vera Rubin архитектураларига асосланган 70 мингдан ортиқ GPUгача кенгайтирилади. Умумий қувват эса 300 МВтга етказилиши кутилмоқда.
Лойиҳа минтақада сунъий интеллектни ривожлантириш учун янги ҳисоблаш инфратузилмаси маркази сифатида тақдим этилмоқда. Марказ қувватларидан AI моделларини ўқитиш ва ишга тушириш, илмий тадқиқотлар, муҳандислик моделлаштириши ҳамда катта ҳисоблаш қувватини талаб қиладиган бошқа вазифаларда фойдаланиш режалаштирилган.
Firebird компаниясининг дастлабки йирик мижозларидан бири сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи Perplexity компанияси бўлди.
Марказнинг ишга туширилиши Арманистонда замонавий AI инфратузилмасини шакллантириш ва халқаро технологик лойиҳаларни жалб этишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.


