Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан музокаралар ўтказди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш ҳамда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, бошқа истиқболли йўналишларда ҳам ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунларига кўра, вазирлар ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги мунтазам мулоқот Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.


