Андижон вилоятида ижтимоий тармоқларда оммалашиш мақсадида мушукчага нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган икки нафар ёш маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 27 июль куни Андижон шаҳридаги савдо-кўнгилочар мажмуаларидан бири яқинида содир бўлган. Шаҳрихон туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган йигит ижтимоий тармоқларда обуначилар сонини кўпайтириш мақсадида мушукчани қурилиш майдони ҳудудига девор орқали улоқтирган.
Ушбу ҳолатни 2006 йилда туғилган таниши видеога олиб, кейинчалик Instagram ижтимоий тармоғига жойлаштирган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширув якунларига кўра, ҳар икки шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси — «Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш» бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Суд қарорига мувофиқ, уларнинг ҳар бирига 10 баравар базавий ҳисоблаш миқдори, яъни 4,1 миллион сўм миқдорида жарима тайинланди.
Маълум қилинишича, маъмурий жавобгарликка тортилган ёшлар ўз айбини тан олган, қилмишидан пушаймон эканини билдирган ҳамда жамоатчиликдан очиқ узр сўраган.


