Самарқанд вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар синтетик гиёҳвандлик воситаларини яширин жойларга қолдириш орқали тарқатиш билан шуғулланган гуруҳ фаолиятига чек қўйди. Махсус операция давомида 44 нафар гумонланувчи қўлга олинди.
Махсус тадбир Самарқанд вилояти ИИБ тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда «Хавфсиз ва соғлом юрт» профилактик тадбирлари доирасида ўтказилди.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар синтетик гиёҳвандлик моддаларини Telegram канали ва махсус бот орқали сотиб, кейинчалик тақиқланган моддаларни олдиндан тайёрланган яширин жойларга қолдирган. Уларнинг ноқонуний фаолияти Оқдарё, Пастдарғом, Нуробод туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри ҳудудида аниқланган.
Тезкор тадбирлар ва яширин жойларни текшириш давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 21 та «закладка»ни аниқлади. Улардан мефедрон гиёҳвандлик моддаси мусодара қилинди. Тергов баҳосига кўра, олиб қўйилган модда тахминан 1,5 минг бир марталик дозага тенг.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва воқеанинг барча ҳолатлари ўрганилмоқда.


