Жаҳон иқтисодчиси Жеффри Сакс 11 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтида экспертлар билан учрашувда халқаро геосиёсат ва Евроосиёдаги транспорт йўлаклари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонга ташрифи The Marco Polo Drive of Peace халқаро экспедицияси доирасида амалга оширилмоқда. Сакс экспедициянинг асосий мақсади Шарқ ва Ғарбнинг ўзаро боғлиқлигини намоён этиш эканини қайд этди.
Иқтисодчи сўнгги йилларда Украинадаги уруш ва АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсати натижасида Транскаспий ўрта коридорнинг аҳамияти ошганини таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур воқеалар шимолий ва жанубий транспорт йўналишларига таъсир кўрсатган бўлса-да, учала йўлак ҳам халқаро савдо учун муҳим аҳамиятга эга.
Жеффри Сакс геосиёсий барқарорлик иқтисодий тараққиёт учун ҳал қилувчи омил эканини таъкидлаб, Ғарб давлатларининг дунёга ҳукмронлик қилишга қаратилган ёндашувини танқид қилди. Унинг фикрича, халқаро муносабатлар устунлик эмас, балки ҳамкорлик тамойили асосида қурилиши лозим.
Украинадаги можаро ҳақида сўз юритар экан, иқтисодчи қуйидаги фикрни билдирди:
«Украинадаги уруш — бу аслида Путин экспансияси эмас, балки Америка экспансиясидир».
Сакснинг таъкидлашича, унинг назарида АҚШнинг ҳарбий таъсир доирасини кенгайтириш сиёсати халқаро кескинликнинг асосий омилларидан бири бўлган. Шунингдек, у Эрон атрофидаги вазиятни ҳам танқид қилиб, барча можароларни дипломатик йўл билан ҳал қилиш зарурлигини айтди.
Учрашув якунида Жеффри Сакс Марказий Осиёнинг, хусусан Ўзбекистоннинг географик ва иқтисодий имкониятларини юқори баҳолаб, минтақада тинчлик ва ҳамкорлик сақланса, Евроосиёнинг барқарор ривожланиши учун катта истиқболлар мавжудлигини таъкидлади.


