Ўзбекистонда ёзги юқори ҳарорат шароитида электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада ошмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 9 июль куни соат 21:00 ҳолатида республика бўйича электр энергияси истеъмоли 12 621 МВтни ташкил этган.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 1 231 МВт ёки 10,8 фоизга юқори ҳисобланади. Таqqослаш учун, 2025 йил 9 июль куни соат 21:00 да мамлакат бўйича электр энергияси истеъмоли 11 390 МВт бўлган.
Юқори юкламани таъминлаш мақсадида электр станцияларида жами 11 921 МВт қувватда электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан 9 218 МВт иссиқлик электр станциялари, 1 889 МВт гидроэлектр станциялари, 684 МВт шамол электр станциялари ҳамда 130 МВт блок станциялари ҳиссасига тўғри келди.
Вазирлик маълум қилишича, электр энергиясига бўлган юқори талабни қоплаш учун энергия сақлаш тизимларидаги қўшимча қувватлар ҳам электр тармоғига жалб этилди.


