Ўзбекистонда Президентнинг тадбиркорлар билан анъанавий Очиқ мулоқотига тайёргарлик ишлари фаол давом этмоқда. Бу йил олтинчи марта ташкил этилаётган мулоқот давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тадбиркорларни қийнаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечимлар ишлаб чиқишга қаратилган.
Бугунги кунда мамлакатда кичик тадбиркорлик субъектлари сони 1,2 миллиондан ошган. Сўнгги йилларда Очиқ мулоқотлар доирасида илгари сурилган ташаббуслар асосида юзлаб қарор ва ислоҳотлар амалга оширилиб, қўшилган қиймат занжири иштирокчилари сони 26 мингтага кўпайгани қайд этилмоқда.
Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳузурида Республика штаби ташкил этилган. Унинг таркибида 50 дан ортиқ вазирлик ва идоралар вакиллари ҳудудларда тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри учрашувлар ўтказмоқда.
Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар Республика штабига 3,9 мингта мурожаат келиб тушган. Шундан 1 780 таси қисқа муддатда ижобий ҳал этилган, 2 099 таси эса ҳозирда кўриб чиқилмоқда.
Мурожаатларнинг асосий қисми банк-молия, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимояси, тадбиркорликни тартибга солишни соддалаштириш, солиқ тизимини такомиллаштириш ва инфратузилма масалаларига тўғри келади. Шунингдек, ишлаб чиқариш майдонлари, ташқи иқтисодий фаолият, инвестициялар, транспорт-логистика ва маҳсулотлар учун янги бозорлар топиш билан боғлиқ таклифлар ҳам билдирилган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳридан қайд этилган — 494 та. Кейинги ўринларда Қашқадарё вилояти (457 та) ва Самарқанд вилояти (365 та) жойлашган.
Тайёргарлик жараёни доирасида мамлакат бўйлаб 1 200 дан ортиқ очиқ учрашув ўтказилиб, уларда 21 мингдан зиёд тадбиркор иштирок этди. Учрашувлар чоғида 7 800 дан ортиқ таклиф ва муаммо кўтарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилги кампанияга нисбатан тадбиркорлар фаоллиги сезиларли ошганини кўрсатади.
Ҳозирда мутахассислар тадбиркорлардан келиб тушган 193 та долзарб тизимли масалани таҳлил қилмоқда. Улар асосан ташқи иқтисодий фаолият, солиқ сиёсати, инфратузилма, молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ҳимоя ва транспорт соҳаларига тааллуқли.
Шу билан бирга, мурожаатларни қабул қилиш жараёни ҳам давом этмоқда. Тадбиркорлар ўз таклиф ва муаммоларини 1100 ва 1094 қисқа рақамли Call-марказлари, business.gov.uz, my.chamber.uz платформалари ҳамда махсус Telegram-ботлар орқали сутканинг исталган вақтида юбориш имкониятига эга.

