Беларусда 6 июль куни III Ўзбекистон–Беларусь ҳудудлар форуми ўз ишини бошлади. 8 июлга қадар давом этадиган тадбир Беларусь Миллий экспортни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Форумда Ўзбекистоннинг барча 14 ҳудуди — 12 вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри вакиллари иштирок этмоқда. Ўзбекистон делегацияси таркибидан 100 нафардан ортиқ иштирокчи, жумладан, ҳудудлар раҳбарлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, саноат корхоналари, молия институтлари, инвесторлар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳамда ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги экспертлар ўрин олган.
Форумнинг дастлабки икки куни давомида ўзбекистонлик делегациялар Беларусьнинг турли вилоятларида бўлиб, саноат корхоналари ва агросаноат мажмуалари фаолияти билан танишмоқда. Шунингдек, Беларусь ҳудудларининг экспорт салоҳияти ўрганилиб, қўшма инвестиция ва саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилмоқда.
Форумнинг асосий тадбири — ялпи мажлис 8 июль куни Минск шаҳридаги «Президент-Отель» меҳмонхонасида бўлиб ўтади. Унинг бош мавзуси «Ҳудудлар кооперацияси — Беларусь ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлигининг ҳаракатлантирувчи кучи» деб белгиланган.
Ялпи мажлисда икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари — Беларусь Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирок этади. Учрашув доирасида ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниши ҳамда қатор икки томонлама келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Шундан сўнг форум иши тўртта тармоқ секциясида давом этади. Улар саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси, ёғочни қайта ишлаш ва мебель ишлаб чиқариш, шунингдек, ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик масалаларига бағишланади.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, III Ўзбекистон–Беларусь ҳудудлар форумида икки мамлакат давлат идоралари, бизнес доиралари ва экспертлар ҳамжамиятининг 600 нафардан ортиқ вакили иштирок этиши кутилмоқда.

