Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев гиёҳвандликка қарши курашиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда наркотик воситалар, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган янги қонун ҳақида маълумот берилди. Ҳужжат парламент томонидан қабул қилиниб, давлат раҳбари томонидан имзоланган.
Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексига «Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар» деб номланган янги боб киритилмоқда. Унда, айниқса, ёшлар саломатлигига таҳдид солувчи қилмишлар учун жазо чоралари кучайтирилган. Хусусан, ноқонуний нарколабораториялар ташкил этиш, гиёҳвандлик моддалари тарқатиш учун шароит яратиш ҳамда наркобизнесни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, «Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Ҳужжат синтетик наркотиклар тарқалиши ва уларнинг интернет орқали сотилиши билан боғлиқ замонавий таҳдидларни ҳисобга олади.
Лойиҳада давлат сиёсатининг еттита асосий йўналиши белгиланган бўлиб, улар орасида гиёҳвандликнинг олдини олиш, интернет орқали наркотиклар савдосига қарши курашиш, эрта ташхис қўйиш ва қарам шахсларни реабилитация қилиш чоралари назарда тутилган.
Бундан ташқари, мазкур моддаларнинг қонуний айланмаси устидан давлат назоратини кучайтириш таклиф этилмоқда. Улар импортидан тортиб, реализациясигача бўлган барча босқичларни узлуксиз электрон назорат тизимига ўтказиш режалаштирилган.
Тақдимотда йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, транспорт воситаларини вояга етмаганларга бошқариш учун бериш кўпинча оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан бундай қоидабузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш ва аварияларнинг олдини олиш бўйича янги чораларни жорий этиш таклиф қилинди.
Давлат раҳбари тақдим этилган ташаббусларни маъқуллаб, масъул идораларга уларнинг самарали ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

