Ижтимоий тармоқларда Қирғизистоннинг меҳнат ва ижтимоий ривожланиш бўйича собиқ вазири Улуғбек Қўчқоровнинг ҳозирда АҚШда курьерлик фаолияти билан шуғулланаётгани ҳақида видеолавҳа кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Тарқалган кадрларда аёл ва эркаклар томонидан Улуғбек Қўчқоров деб кўрсатилган шахс автомобил багажига пакетларни жойлаштираётгани акс этган. Айрим манбаларда ушбу шахс АҚШдаги Amazon етказиб бериш хизматида курьер сифатида ишлаши қайд этилган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида видео турли фикрларга сабаб бўлган. Кўплаб изоҳларда ҳар қандай ҳалол меҳнат ҳурматга лойиқ экани таъкидланган бўлса, бошқалар унинг аввалги сиёсий фаолиятини эсга олган.
Очиқ манбаларга кўра, Улуғбек Қўчқоров Қирғизистон парламентининг V чақириқ депутати бўлган, “Ата-Журт” партиясидан сайланган. 2017 йилда президентлик сайловларида иштирок этган, 2018 йил октябрида эса меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири лавозимига тайинланган.
2020 йилда у “Биримдик” партиясидан парламент сайловларида номзод сифатида иштирок этган. Шу йилнинг октябрь ойидаги сиёсий жараёнлардан сўнг вазир лавозимидан озод этилган.
Айрим оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, у сўнгги йилларда оиласи билан Чикаго шаҳрида истиқомат қилиб келмоқда. Унинг ҳозирги фаолияти юзасидан расмий изоҳ берилмаган.

